Мен қассобчилик билан шуғулланаман. Динимизда ҳомиладор ҳайвонни сўйиш ёки сўймаслик борасида нималар дейилган?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Фиқҳий китобларда бу масалага асосан қурбонлик китобида дуч келамиз. Шу эътибордан улардан баъзиларини кўриб чиқсак:
ويكره ذبح الشاة اذا تقارب ولادتها؛ لانه يضيع ما في بطنها
“Қўйни туғиши яқинлашиб қолган вақтда сўйиш макруҳ бўлади. Чунки бунда унинг қорнидаги нарсани зое қилиш бор”. (Баҳрур роиқ).
شاة او بقرة اشرفت علي الولادة، قالوا: يكره ذبحها؛ لان فيه تضييع الولد
“Уламолар туғиши яқин қолган мол ва қўйларни сўйишликни макруҳ деб, бунда ҳайвоннинг боласини зое қилиш бор дедилар”. (Фатово ҳиндия).
وفي"النوازل" ايضا: رجل له شاة حامل، فاراد ذبحها، فان تقاربت الولادة يكره ذبحها؛ لانه تضييع ما في بطنها من غير زيادة فائدة
“Шунингдек “Навозил”да ҳам, бир кишининг ҳомиладор қўйи бўлиб, уни сўймоқчи бўлса, агар қўйнинг туғиши яқин бўлса, сўйиш макруҳ бўлади. Чунки бунда ортиқча фойдасиз ҳайвоннинг ҳомиласини зое қилиш бор дейилган”. (Муҳийти Бурҳоний).
Шунингдек, бу ердаги “макруҳ”дан макруҳи танзиҳий ирода қилинган. Чунки уламолар макруҳликнинг иллати “تضييع الولد” яъни болани зое қилиш экани ва бу ноаниқ бир иш экани ҳам айтганлар. Чунки бунда онасини сўйганда боласи зое бўлиши билан бирга соғ қолиши эҳтимоли ҳам бор. Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, бу масалани баён қилганда фиқҳий ибораларда تقارب (туғиши яқин қолган) اشرفت (туғиш арафасида) феъллари ишлатилган бўлиб, бу иборалардан ҳомиладор бўлган, лекин туғиши яқин бўлмаган ҳайвонни сўйиш жоизлиги келиб чиқади. Йуқоридаги маънони аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ шундай баён қилган:
وليس في ذبح الام اضاعة الولد لعدم التيقن بموته
“Ҳайвоннинг боласини ўлиши аниқ бўлмаганлиги учун онасини сўйишда боласини зое қилиш йўқ”. (Раддул Муҳтор).
قلنا اباحة ذبح الحامل لانه يتوهم ان ينفصل الجنين حيا فيذبح، او لان المقصود لحم الام و ذبح الحيوان لغرض صحيح حلال كما لو ذبح ما ليس بماكول لمقصود الجلد
“Ҳомиладор ҳайвонни сўйиш мубоҳлигининг сабаби, боласи тирик чиқиб уни ҳам сўйиб олиш имкони борлиги ёки сўйишдан боласини эмас, онасини гўшти қасд қилинганидир. Чунки ҳайвонни тўғри мақсадда сўйиш худди гўшти ейилмайдиган ҳайвонни териси учун сўйиш жоиз бўлганидек ҳалолдир". (Кифоя шарҳи Ҳидоя).
Агар ҳайвонни ҳомиладор ёки ҳомиладор эмаслиги аниқ бўлмаса ва уни сўйгач ҳомиладорлиги билинса уни сўйган ва сўйдирган инсонлар гуноҳкор бўлмайди. (Фатово Қосимия).
Йуқоридаги маълумотлардан шуни хулоса қилиш мумкинки, туғиши яқин қолган ҳомиладор ҳайвонни сўйиш зарурат бўлганда бекароҳат жоиз. Шунингдек заруратсиз сўйилганда ҳам сўйувчи ёки сўйдирган кишини гуноҳкор бўлди дейилмайди. Лекин заруратсиз сўйишда ҳайвонни боласини зое қилиш эҳтимоли бўлгани учун афзал иш ҳисобланмайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.