ҲАР ХИЛ НАРХДА СОТИШ

ID: 3069

06.10.2025

83

Савол:

Сотувчининг бир хил маҳсулотни харидорга қараб турлича нархлаши, мисол учун, танишларга арзонроқ, бегоналарга ёки насияга олувчига қимматроқ сотиши шариатимизга тўғри келадими?

Жавоб:

Сотувчи ва харидор ўртасидаги савдо ўзаро розилик асосига қурилиши лозим. Фиқҳга кўра, бир хил маҳсулотни турли харидорларга турли нархларда сотиш, агар бунда алдов, мажбурлаш ёки уйушган шаклда бозор нархини сунъий равишда ошириш каби омиллар бўлмаса, аслида жоиздир. Масалан, сотувчи нақд пулга олганга арзонроқ, муддатли тўловга олганга эса бироз қимматроқ сотиши ёки улгуржи ва чакана харидорларга турлича нарх белгилаши мумкин.

Аммо, харидорнинг соддалиги, тажрибасизлиги ёки бозор нархларидан бехабарлигидан фойдаланиб, унга бошқаларга нисбатан анча қиммат сотиш макруҳ саналади. Динимиз савдода бағрикенглик, саховат ва инсофга чақиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сотганда, сотиб олганда ва ҳаққини талаб қилганда карамли бўлган кишини Аллоҳ раҳм қилсин», деган ҳадислари ҳам айнан шу маънони ифодалайди (Бухорий ва Термизий ривояти).

Демак, савдо шаръан дуруст бўлса-да, мўмин киши учун тақво ва мурувват йузасидан барчага имкон қадар бир хил ва адолатли муомалада бўлиш афзалдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар