Саудия Арабистони, Миср ва бошқа йурт уламолари карантин сабабли ҳайит намозини уйда ўқиш кераклигини айтишмоқда экан. Шу билан бирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан ҳайит намозини уйда ўқиб бўлмаслиги таъкидланмоқда. Қайси бирига амал қилишимиз керак?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аслида бу масаладаги турличалик ҳайит намозини ўтказиб йуборган ёки бирор узрга кўра унга етиша олмаган киши уни қазосини ўқиса жоиз бўлиши ёки бўлмаслиги борасида мазҳаблар ўртасидаги ихтилофга бориб тақалади. Ҳайит намозининг қазосини ҳанафий ва моликий уламолар ўқиш жоизмас, дейишган бўлса, шофеий ва ҳанбалий уламолар жоиз деганлар.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, мазкур масаладаги мазҳаблар ўртасидаги ихтилоф саҳобалар давридаги ихтилофдан келиб чиққандир.
Шофеий ва ҳанбалийлар ҳайит намозини қазосини ўқиса жоиз бўлади, деган гапларига анас разияллоҳу анҳунинг амалини далил қиладилар. Ривоят қилинишича Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ҳайит намозини ўтказиб йуборса, аҳли-оиласи ва фарзандларини жамлар, сўнг мавлоси абдуллоҳ ибн абу Утба барчаларига имом бўлиб, худди шаҳар аҳли ўқийдиган суратда такбирлар билан икки ракаат намоз ўқиб берар эдилар.
“Ҳайит намозининг қазоси ўқилмайди” деган ҳанафий ва моликий уламоларга кўра ҳайит намози Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам томониларидан фақат катта жамоат билан намозгоҳда адо этилган. Ушбу намозни қазо қилиш Набий алайҳисаломнинг на сўзлари ва на феъллари билан собит бўлган. Хусусан, ибодат масалалари тавқифий (ваҳийга асосланган) бўлиб, уни бирор ибодатга қиёслаб адо этилмайди.
Ушбу масалада мазкур икки мазҳаб ўртасидаги хилофни янада яхшироқ тушунишимиз учун Имом Бурҳониддин Марғилонийнинг машҳур “ал-Ҳидоя” асарига ёзилган шарҳлардан биридан иқтибос келтирамиз:
“Имом билан бирга ийд намозини адо этолмаган киши биз ҳанафийларга кўра уни қазо қилиб ўқимайди. Чунки шариатимизда ийд намозини маълум шартларга кўра ўқиш маълум бўлган. Ёлғиз ўқувчи киши учун ушбу шартлар мукаммал бўлмайди. Имом Шофеий ушбу масалада бизга хилоф қилган бўлиб, “У имом билан қандай ўқиса ёлғиз ҳолида шундай адо этади”, деганлар. Чунки жамоат ва султоннинг изни Имом Шофеийга кўра шарт саналмайди. Биз ҳанафийларга кўра эса ҳайит намози жамоат ва султоннинг изни каби махсус шартлар топилгандагина ўқиш мумкин бўлган намоз саналади. Агар ҳайит намозини адо эта олмаса уни қазо қила олмайди” (Ал-Иноя шарҳул-Ҳидоя).
Демак, ҳайит намози борасидаги ихтилоф мазҳаблар ўртасидаги ижтиҳодий ихтилоф экани маълум бўлмоқда. Ҳанафий мазҳаби уламоларига кўра, ҳайит намозини махсус шартлари бор намоз бўлиш билан бирга, вожиб намоз ҳисобланади. Шофеий мазҳабига кўра эса, бу намоз суннат ва уларнинг наздида ҳанафийларда қўйилган айрим шартлар йўқ. Шу боис, шофеийларга кўра, ҳайит намозини худди таровиҳ намози каби уйда, ёлғиз тартибда ёки оилавий ўқиса бўлади. Саудия Арабистони ва Ал-Азҳар уламоларининг фатвоси шофеийларга кўра берилган.
Аммо фиқҳда ҳанафий мазҳабига тобе бўлган йуртларда, жумладан бизнинг йуртимизда бугунгидек вазиятларда ҳайит намози уйларда ҳам ўқилмайди. Чунки ҳайит намози дуруст бўлиши учун ҳайит намози ўқилишига умумий рухсат (изни омма) бўлиши ва ҳайит намозини одамларга муфтий томондан тайинланган киши ўқиб бериши керак. Ҳайит намози уйда ўқилганда мана шу шартлар топилмайди. Бунинг натижасида намоз дуруст бўлмайди.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида эслатиб ўтамизки, ҳайит намозини ёлғиз ўқиш жоиз ёки жоизмаслиги ижтиҳодий масалалардан саналади. Ҳар икки тоифа мазҳаб уламоларининг ҳам саҳобаларнинг сўзидан далиллари бор. Шундай экан ҳар бир йурт мусулмонлари ўзгаларнинг мазҳабини эҳтиром қилган ҳолда ўз йуртларидаги илм аҳлларига эргашишлари ва турли ихтилофларга барҳам беришлари лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.