Ҳайзим тугади лекин ҳали ғусл қилмадим. Эрим билан яқинлик қилсам кейин икковигаям ғусл қилсам бўладими? Ёки биринчи ғусл қилиб кейин яқинлик қилайликми?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Саволнинг жавоби ҳайз 10 кундан кейин, ёки 10 кундан аввал, ё аёлнинг одатига етиб, ёки одатига етмай тўхташига қараб турлича бўлади.
Ҳайзнинг энг кўп муддати (10 кун) ўтгач, гарчи ғусл қилмаган бўлса ҳам, аёли билан жинсий алоқада бўлиш ҳалол бўлади, хоҳ у биринчи марта ҳайз кўрувчи, хоҳ аввал ҳайз кўрган, одати бор аёл бўлсин. Шу ҳолатда ҳам эр хотинини токи ғусл қилмагунча жимо қилмай туриши мустаҳабдир (Муҳит китоби).
Агар қон ҳайзнинг энг кўп муддати (10 кун)дан камроғида тўхтаса, токи аёл ғусл қилмагунча ёки намоз вақтининг охири (яъни, ғусл ва такбири таҳрима сиғадиган вақт) ўтмагунча, уни жимо қилиш жоиз эмас. Бу масалалар ҳайз кўрувчининг одати тўлиқ бўлгандадир.
Агар қон аёлнинг одат кунларидан кам вақтда тўхтаса, токи одат кунлари келмагунча унга жинсий яқинлик қилиш макруҳ бўлади, агарчи аёл ғусл қилган бўлса ҳам. Лекин аёл одат кунлари келгунича эҳтиётан намоз ўқийди ва рўза тутади.
Биринчи ҳайз кўраётган қиз ўн кундан камига пок бўлса ёки одати бор аёл одатидан аввал пок бўлса, таҳорат ва ғуслни намознинг охирги вақтларига кечиктиради. Фақат намознинг вақти кечикиб, макруҳ вақти кириб қолмаса, бас. ("Фатҳу бобил иноя", "Дурарул ҳукком" "Фатовои Ҳиндия" китоблари). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.