ҲАЙЗДА

ID: 13341

14.06.2026

280

Савол:

Мен нопок вақтларимда китоб ўқийман. Ва яқинда Имом Бухорий хазратларини ҳаётлари ҳақида бир китоб ўқидим. Китобда ҳадис ва қурондан оятлар йўқ эди яъни ҳайз холатида ўқисам бўлар деб ўйлагандим. Лекин китоб охирига келиб 2 дона оят борлиги яъни араб тилида эмасу тафсири бор экан. Саволим китобни оятни ташлаб кетиб ўқишда давом этсам бўладими ёки ўқимаганим маъқулми ва китобни ҳайз холида ушлаганим учун гунохкор бўлиб қолмаймани.Жавоб учун рахмат

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Қуръони карим китоби – мушафни таҳоратсиз ушлаш жоиз эмас. Қуръони карим ва тафсир китоблардан бошқа барча диний китобларни таҳоратсиз ушлаш жоиз. Аслида ушбу масала катта уламолар ўртасида ихтилофли масала бўлиб, Имом Абу Ҳанифа диний китобларни таҳоратсиз ушлашни жоиз десалар, у зотнинг икки шогирдлари – Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадлар макруҳ амал дейишган. Аллома Ҳалабий Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини қуйидагича изоҳлаганлар: “Фиқҳ, ҳадис каби диний китобларни ушлаган киши Қуръон оятларини ушлаган ҳисобланмайди, чунки китобда келтирилган оятлар ундаги маълумотларга қўшилиб, унга тегишли бўлиб қолади” (“Шарҳул-муня” китоби). Мазҳабимизнинг кейинги давр фуқаҳолари ушбу масалада уч хил қарашни келтириб ўтганлар:

  1. Диний китобларни таҳоратсиз ушлаш макруҳ. Аллома Камол Ибн Ҳумом фуқаҳоларнинг сўзларини нақл қилиб, шундай дейдилар: قالوا: يكره مس كتب التفسير والفقه والسنن لأنها لا تخلو عن آيات القرآن، وهذا التعليل يمنع من شروح النحو. “Фуқаҳолар: “Тафсир, фиқҳ, ҳадис китобларни таҳоратсиз ушлаш макруҳ, чунки ушбу китоблар Қуръон оятларидан холи эмас”, дейишган. Бундай сабаб келтириш наҳв (араб тили грамматикаси) китобларининг шарҳларини таҳоратсиз ушлашни ҳам ман қилади” (“Фатҳул Қодир” китоби).
  2. Диний китоблардаги Қуръон оятлари ўрнини таҳоратсиз ушлаш макруҳ. Яна бир тоифа фуқаҳолар барча диний китобларни ушлаш жоиз, фақат оят ўринларини ушлаш ножоиз, дейишган. Масалан, “Мухтасарул Қудурий”га шарҳ ёзган Аллома Ҳаддодий шундай деганлар: أن كتب التفسير لا يجوز مس موضع القرآن، وله أن يمس غيره، وكذا كتب الفقه إذا كان فيها شئ من القرآن، بخلاف المصحف، فإن الكل فيه تبع للقرآن . яъни: “Тафсир китобларнинг Қуръон оятлари ўрнини таҳоратсиз ушлаш жоизмас. Китобдаги оятлардан бошқа жойларини таҳоратсиз ушлаш жоиз. Шунингдек, фиқҳ китобларида Қуръон оятлари бўлса, оят ўрнидан бошқа жойларини таҳоратсиз ушлаш жоиз. Лекин мушафнинг ҳукми ундай эмас. Чунки мушафнинг ҳаммаси Қуръон оятларига мансуб ҳисобланади” (“Ас-Сирожул-ваҳҳож” китоби).
  3. Тафсирдан бошқа барча диний китобларни таҳоратсиз ушлаш жоиз. Бу ҳақда машҳур фақиҳ Муҳаммад Мулла Хусрав шундай деганлар: ورخص المس باليد في الكتب الشرعية إلا التفسير яъни: “Тафсир китобларидан бошқа диний китобларни таҳоратсиз ҳолда қўл билан ушлашга рухсат этилган” (“Дурарул ҳуккам” китоби). Мазҳабимизнинг мўътабар манбаларида келтирилган ушбу уч хил қарашни синчковлик билан таҳлил қилган Аллома Ибн Обидийн тафсирдан бошқа барча диний китобларни таҳоратсиз ушлаш жоиз эканини мазҳабимиз қоидаларига мувофиқ экани ва далил жиҳатдан асосли эканини таъкидлаб, жумладан шундай хулоса қилганлар: الأظهر والأحوط القول الثالث أي كراهته في التفسير دون غيره لظهور الفرق فإن القرآن في التفسير أكثر منه فيغيره وذكره فيه مقصود استقلالا لا تبعا فشبهه بالمصحف أقرب من شبهه ببقية الكتب. яъни: “Бу масалада далили кучлиси ва эҳтиётроғи – учинчи тоифа фуқаҳоларнинг қарашидир. Яъни, таҳоратсиз ҳолда тафсир китобларини ушлаш макруҳ, ундан бошқа диний китобларни ушлаш жоиз эканидир. Чунки диний китоблар билан бошқа диний китоблар ўртасидаги фарқ очиқ маълум. Зеро, тафсирдаги Қуръон оятлари бошқа китобларга нисбатан кўпроқ бўлиб, шу жиҳатдан фарқи катта. Қолаверса, тафсир китобларда Қуръон оятлари мустақил зикр қилинган, тобеъ шаклда эмас. Шунинг учун тафсирни мушафга ўхшашлиги бошқа китобларга нисбатан кўпроқ” (“Раддул муҳтор” китоби). Юқоридагилардан келиб чиқиб, таҳоратсиз ҳолда тафсирдан бошқа диний китобларни ушлаш ва мутолаа қилиш жоиз экани келиб чиқади. Шундай бўлсада, имкони бор киши диний китобларни таҳорат билан ушлаши – тақвога ва шариатни улуғлашга яқин экани жиҳатидан мустаҳаб амал саналади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар