ҲАДИС РЎҒРИМИ

ID: 3239

13.10.2025

53

Савол:

"Инсон ўзгарганира ишонма. Тўғ ўрнидан силжиса силжидики инсон ўзгармайди" деган маънода пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари борми?

Жавоб:

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу борада қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: بَيْنَمَا نَحْنُ عِنْدَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَتَذَاكَرُ مَا يَكُونُ، إِذْ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِذَا سَمِعْتُمْ بِجَبَلٍ زَالَ عَنْ مَكَانِهِ فَصَدِّقُوهُ، وَإِذَا سَمِعْتُمْ بِرَجُلٍ تَغَيَّرَ عَنْ خُلُقِهِ فَلَا تُصَدِّقُوا بِهِ، فَإِنَّهُ يَصِيرُ إِلَى مَا جُبِلَ عَلَيْهِ". (رواه أحمد)

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлажак нарсалар ҳақида суҳбатлашиб ўтирган эдик, шунда у зот дедилар: «Агар бир тоғнинг ўз жойидан силжиганини эшитсангиз, ишонинг. Аммо бир кишининг ўз (туғма) хулқидан ўзгарганини эшитсангиз, унга ишонманг. Чунки у барибир ўзи яратилган табиатга қайтади»». (Имом Аҳмад ривояти).

Бу ҳадисни Мулла Али Қори ўзининг "Мирқотул Мафотиҳ" асарида шарҳлаб, унинг маъносини очиб берганлар. Ҳадисдаги "хулқ" сўзи инсоннинг туғма табиатига ишора қилади. Тоғнинг жойидан кўчиши ақлан мумкин бўлгани каби, бунга ишониш мумкин. Аммо инсоннинг асл табиати, масалан, ўта бахилнинг сахий бўлиб қолиши ёки қўрқоқнинг ботирга айланиши деярли имконсиздир. Ҳадис инсон ўз хулқини тарбиялай олмайди, деган маънони англатмайди. Балки, хулқни бутунлай йўқ қилиб, унинг ўрнига бутунлай зиддини пайдо қилиш мушкуллигини таъкидлайди. Мисол учун, ғазабни бутунлай йўқ қилиб бўлмайди, лекин уни жиловлаш ва тўғри ўринларда ишлатиш мумкин.

Динимизда ахлоқни тарбиялаш ва сайқаллашга катта эътибор берилади. Тасаввуф таълимотининг асоси ҳам нафсни тарбиялаб, ёмон сифатларни яхшисига ўзгартиришдир. Ҳадисдаги асл табиатнинг ўзгармаслиги эса, инсон ўзидаги мавжуд сифатларни бутунлай йўқ қила олмаслиги, балки уларни назорат қилиши ва шариат кўрсатмаларига мувофиқ йўналтириши кераклигини англатади. Демак, инсоннинг туғма табиати ўзгармас, лекин унинг намоён бўлиши, яъни хулқини тарбия ва нафс билан курашиш орқали гўзал қилиш мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, йутуққа эришди" (Шамс сураси, 9-оят), деб марҳамат қилган. Бу эса инсон ўз ахлоқини яхшилашга доимо интилиши зарурлигини кўрсатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар