Ассаламу аълайкум Ҳадисда ҳижоб остидаги сочни йиғиб туяни ўркачига ўхшатиш лаънатланган дейилган. Шунда сочни орқа тарафга ёйиб олиш керакми? Шаръий ҳижоб қандай бўлиши керак? Жавоб учун раҳмат
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: صِنْفَانِ مِنْ أَهْلِ النَّارِ لَمْ أَرَهُمَا: قَوْمٌ مَعَهُمْ سِيَاطٌ كَأَذْنَابِ الْبَقَرِ يَضْرِبُونَ بِهَا النَّاسَ، وَنِسَاءٌ كَاسِيَاتٌ عَارِيَاتٌ مُمِيلَاتٌ مَائِلَاتٌ رُءُوسُهُنَّ كَأَسْنِمَةِ الْبُخْتِ الْمَائِلَةِ، لَا يَدْخُلْنَ الْجَنَّةَ وَلَا يَجِدْنَ رِيحَهَا، وَإِنَّ رِيحَهَا لَيُوجَدُ مِنْ مَسِيرَةِ كَذَا وَكَذَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳли дўзахдан икки тоифасини кўрмадим: Бир қавмики, қўлларида сигирнинг думига ўхшаш қамчилари бору улар ила одамларни урурлар. Бир аёлларики, улар кийимли яланғочлар, йўлдан оздирувчилар, йўлдан озувчилар. Бошлари худди туянинг қийшайган ўркачига ўхшайди. Улар жаннатга кирмаслар ва унинг ҳидини ҳам топмаслар. Албатта, унинг ҳиди бунча ва бунча масофадан келиб турур», дедилар» Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўзах аҳлидан бўлган икки тоифа ҳақида хабар бериб, улардан бири сифатида:** «...Бир аёлларики, улар кийимли яланғочлар, йўлдан оздирувчилар, йўлдан озувчилар. Бошлари худди туянинг қийшайган ўркачига ўхшайди. Улар жаннатга кирмаслар ва унинг ҳидини ҳам топмаслар...»** Сизни ўйлантирган масала айнан шу ҳадисдаги «Бошлари худди туянинг қийшайган ўркачига ўхшайди» деган жумладир.
Бу жумланинг шарҳида Имом Нававий ўзларининг «Саҳиҳи Муслим»га ёзган шарҳларида бир неча фикрларни келтирганлар. Уларнинг хулосаси шуки, бундан мақсад – аёлларнинг сочларини бошнинг йуқори қисмига баланд қилиб йиғиши ёки устидан қўшимча матолар ўраб, бошларини катта ва баланд қилиб кўрсатишидир.
Шундай экан, муслима аёл ҳижоби остида сочининг қулайлиги ва тартибли бўлиши учун уни йиғиб олиши жоиз. Бунда гуноҳ йўқ. Фақатгина бир муҳим жиҳатга эътибор бериши лозим – соч бошнинг тепа қисмига баланд қилиб, бўртиб чиққан ўркач шаклида йиғилмаслиги керак. Ҳижобнинг асл моҳияти – зийнатни яшириш, камтарлик ва иффат эканини унутмаслик лозим. Валлоҳу аълам.