Қуръон ўқиса, яъни Қуръонни хатм қилса гуноҳлари ўчириладими? Савоб ёзилишини, ҳасанот ёзилишини биламан, шу билан бирга гуноҳлари ҳам ўчириладими?
Ҳа, албатта, Қуръони каримни ихлос билан ўқиш ва хатм қилиш улкан савоблар билан бирга банданинг гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: "...Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади..." (Ҳуд сураси, 114-оят). Қуръон тиловати энг улуғ яхшиликлардан ва энг афзал ибодатлардан биридир. Шундай экан, бу улуғ яхшилик ўзидан содир бўлган ёмонликларнинг, яъни гуноҳларнинг ўчирилишига васила бўлади.
Бундан ташқари, Қуръон қиёмат куни ўз соҳибига шафоатчи бўлиши ҳақида саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади: рўза: «Ей Роббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил», дейди. Қуръон: «Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил», дейди. Бас, иккови ҳам шафоат қилади», деганлар» (Имом Аҳмад ривояти). Шафоат эса бандани азобдан қутқариш ва гуноҳларини кечирилишини сўрашдир. Демак, Қуръонни доимий ўқиб йурган ва уни хатм қилган киши нафақат кўплаб ажр-савобларга эга бўлади, балки Аллоҳнинг изни билан гуноҳларига каффорат топади ва охиратда Қуръоннинг шафоатига умид қилиши мумкин.