Ёдланган суралар эсда қолмаяпти нима қилсам бўлади?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Қуръони карим башариятнинг ҳидояти учун нозил қилинган. Ҳар бир мусулмон Аллоҳнинг Каломини ёдлаш ва амал қилишга интилади. Ҳадисларда Қуръонни ёд олган кишига кўп мукофотлар ваъда қилинган. Жумладан:
"خيركم من تعلم القرآن وعلمه" (رواه الامام البخاري عن عثمان رضي الله عنه)
яъни: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ҳам ўргатганларингиздир”, деганлар (Имом Бухорий Усмон разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқинглар, чунки у қиёмат куни ўқувчиларига шафоатчи бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривоятлари).
Қуйида Қуръонни осон ва пухта ёдлашнинг айрим қоидаларини баён қиламиз: 🔹 Аввало, Қуръони каримни ёдлашдек муҳим ишга киришишдан олдин “Зеҳнимни ўткир, хотирамни кучли, тилимни бурро қилгин”, – деб, Аллоҳ таолога дуо қилинг. Чунки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бирор муҳим ишга киришишдан олдин Аллоҳ таолодан ўша ишни осон ва хайрли қилишини сўраб дуо қилар эдилар. 🔹 Қуръонни ёдлашдан мақсадингиз ва ниятингиз тўғри бўлсин. Одамларни олдида обрў орттириш, мол-дунёга эришиш учун эмас, балки, фақат Аллоҳ таолони розилигига эришиш учунгина Қуръон ёдлашни мақсад қилинг. Чунки, Аллоҳ таоло холис Ўзи учун бажарилган амални қабул қилади ва ўша ишга барака ато этади. 🔹 Ёдлаш қобилиятингиз ва кун тартибингиз (бир кунда қанча вақтни Қуръон ёдлашга ажрата олишингиз)га қараб, ўзингизга қулай режа тузиб олинг ва унга қатъий амал қилинг. 🔹 Битта мушафдан ёдлаш ва такрор қилишга одатланинг. Шунда ҳар бир саҳифадаги оятларнинг жойлашиши зеҳнингизга ўрнашиб, ёдга келиши осон бўлади. 🔹 Ҳар куни Қуръоннинг бир қисмини тиловат қилишга одатланинг. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Амалнинг яхшиси оз бўлса ҳам, давомли бўлганидир”, деганлар (Муттафақун алайҳ). 🔹 Ёдланган оятларни устознинг текширувидан ўтказинг. Чунки Қуръонни ўзича ўқиб, ёдлаб, такрорлаган киши хатосини билмайди. Устоздан ўтказган кишининг эса хатолари тузатилади ва ёдлаганлари мустаҳкамланади. 🔹 Ухлаш вақтини ҳамда овқатланиш тартибини меъёрида бўлишини назорат қилинг. Чунки, кўп овқат эйиш уйқуни келтиради. Кам овқат эйиш эса қувватни кетказади. 🔹 Кечалари Қуръонга қараб тиловат қилинг. Зеро, кечаси фикр кўп чалғимайди, ихлос билан тиловат қилиш ҳам оятларнинг қалбдан мустаҳкам жой олишига сабаб бўлади. 🔹 Ёд олишга қийналган ёки хато ўқилган оятларнинг тагига қалам билан чизиб қўйинг. Хатолар тўғриланганидан кейин чизиқ ўчириб ташланади. Шунинг учун ҳам қорининг алоҳида Қуръони бўлиши керак. 🔹 Оятларнинг маъноларини билиш ҳам тез ва пухта ёдлаш сабабларидандир. 🔹 Араб тили наҳв қоидаларини билиш Қуръон ўқувчини кўп хатолардан сақлайди. Натижада, талаба оятларга ҳаракатларни тўғри қўйиб, эркин ва равон ўқийдиган бўлади. 🔹 Қуръон оятларини тафаккур қилиш ўхшаш оятларни бир-бирига чалкаштириб юборишдан сақлайди. 🔹 Қуръон ёдлаш учун муносиб вақтни танланг. Саҳар пайти, шом билан хуфтон намозлари оралиғи ҳамда зеҳн дунёвий нарсалар билан машғул бўлмайдиган вақтлар Қуръонни ёд олиш ва такрорлаш учун қулай, фазилатли вақтлар саналади. Аллоҳ янада билувчи.