ҚУРЪОН ЭШИТИШ ИШ ҚИЛИШ

ID: 3996

07.11.2025

188

Савол:

Қуръон садосини телефон, машина магнитафони ёки компйутер орқали қуйиб ишини қилиш ва келган кетган одамлар ва харидаорларга хизмат курсатиш жоизми?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Қуръони каримни йурган ҳолда ёки ётган ҳолда тинглаш жоиз. Лекин бунинг учун тиловатга қулоқ тутиш, уни тафаккур билан тинглаш талаб этилади. Қуръон эшитувчининг қалби машғул, хаёли паришон бўлмаслиги, шовқин суронли жойда эшитмаслиги, имкон қадар бошқалар билан гаплашмаслиги лозим. Ҳанафий мазҳабида Қуръон ўқилганда эшитиш вожиб ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло:

وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآَنُ فَاسْتَمِعُوا لَهُ وَأَنْصِتُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

яъни: “Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!” – деб буйурган (Аъроф сураси 204-оят).

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да: “Қуръон ўқилганда унга қулоқ тутиш фарзи кифоя”- деганлар.

“Тилаватул Қуръонил мажийд” китобида шундай дейилади: “Мазкурлардан маълум бўлишича ҳанафийлар мазҳабида Қуръонга қулоқ тутиш вожибдир. Аммо шофеъийларда эса тиловатни тинглаш суннат ҳисобланади.”

Қорининг тиловатини тинглаш жараёнида жим туриш билан бирга, хушуъ ва йиғлаш каби ҳолатлар фазилатли амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَإِذَا سَمِعُوا مَا أُنزِلَ إِلَى الرَّسُولِ تَرَىٰ أَعْيُنَهُمْ تَفِيضُ مِنَ الدَّمْعِ مِمَّا عَرَفُوا مِنَ الْحَقِّ يَقُولُونَ رَبَّنَا آمَنَّا فَاكْتُبْنَا مَعَ الشَّاهِدِينَ

яъни: “Пайғамбарга нозил қилинган нарсани (Қуръонни) эшитсалар, ҳақни билганларидан уларнинг кўзларини ёш тўккан ҳолда кўрарсиз!” (Моида сураси 83-оят).

Зайд ибн Арқам разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Албатта Аллоҳ таоло уч ўринда бандаларини жим туришини яхши кўради; Қуръон тиловат қилинган вақтда, душманга қарши турган вақтда ва жаноза вақтида” (Имом Табароний ривоятлари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар