Коронавирус йуртимиздан тезроқ кўтарилиб кетиши учун баъзилар жамоавий ўзаро келишиб, Қуръонни хатм қилиш ташаббуси билан чиқишди ва кўнгиллилар томонидан Қуръони карим бир неча марта хатм қилинди. Шу иш динимизда қандай асосга эга? Умуман олганда Қуръони каримни ўзаро бўлишиб, жамоавий тарзда хатм қилиш жоизми? Баъзилар бу иш аввалда салафи солиҳларда бўлмаган, бидъат иш, дейишмоқда.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Қуръони каримни тақсимлаган ҳолда хатм қилиш салафи солиҳлар давридан бўлган амал саналади. Буни ҳеч бир аҳли илм мункар иш саналмаган. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг машҳур асарларидан бири “Ат-Тибён” номли китобларида шундай дейдилар:
فصل في الإدارة بالقرآن : وهو أن يجتمع جماعة يقرأ بعضهم عشرا أو جزءا أو غير ذلك ثم يسكت ويقرأ الآخر من حيث انتهى الأول ثم يقرأ الآخر وهذا جائز حسن وقد سئل مالك رحمه الله تعالى عنه فقال لا بأس به.
яъни: “Қуръонни айлана шаклда ўқиш ҳақидаги фасл: бу бир жамоа тўпланиб, улардан бири Қуръонни ўндан бирини ёки бир порасини ёки бошқача миқдорини ўқийди ва жим бўлади. Кейин иккинчи киши биринчиси тўхтаган жойдан бошлаб ўқийди. Бу иш жоиз ва яхши ишдир. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ бу ҳақида сўралганларида “буни зарари йўқ”, деб жавоб берганлар” (“Ат-Тибён фи одоби ҳамалатил Қуръон”).
Имом Моликнинг мазкур жавобларини Моликий мазҳабининг етук олимларидан бири Аллома Совий ҳам ўзининг “Шарҳус соғийрга ёзган ҳошия”сида ҳам зикр қилиб ўтган.
Қуръони каримни жузларга бўлиб, ўзаро тиловат қилишни бугунги кундаги ҳар нарсани бидъат ва хурофотга чиқарадиган тоифалар қаттиқ ҳурмат қиладиган Шайхул Ислом Ибн Таймия ҳам машруъ эканини таъкидлаб ўтган. Жумладан бу масала йузасидан шундай деган:
"وقراءة الإدارة حسنة عند أكثر العلماء" (الفتاوى الكبرى 5/345)
яъни: “Қуръони каимни айлана тарзда ўқиш аксар уламолар наздида яхши иш саналади” (“Фатаво ал-кубро” китоби 5-жуз, 345-бет).
Қуръони Каримни хатм қилган чоғда дуо қилишга келсак, саҳобаи киромлар ва улардан кейинги салафи солиҳларнинг суннатларидир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У (қори) учун хатми Қуръон чоғида мустажоб бўладиган дуо ва жаннатда дарахт бор», дедилар» (Имом Байҳақий ривоятлари). Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон ўқиб, у ила одамлардан сўрайдиган қавмлар келмай туриб, Қуръон ўқиб, у ила Аллоҳдан сўраб қолинглар», дедилар» (Имом Аҳмад ривоятлари).
Ҳакамдан ривоят қилинади: «Мужоҳид ва Абда ибн Абу Лубоба менга одам йуборишди. Кейин: «Биз Қуръонни хатм қилмоқчи эдик, шунга сенга одам йубордик. Хатми Қуръон чоғида дуо мустажоб бўлади, дейилар эди», дейишди. Улар Қуръонни хатм қилгач, дуолар қилишди» Имом Байҳақий ва Имом Доримий саҳиҳ санад билан ривоят қилишган).
Муҳаммад ибн Зурайс «Қуръон фазилатлари»да Иброҳим Таймийдан қуйидагича ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Ким Қуръонни хатм қилса, унинг учун мустажоб дуо бордир», дерди. Абдуллоҳ ўзи қачон Қуръон хатм қилса, аҳли оиласини тўплаб, дуо қилар, улар «Омин!» деб туришар эди».
Аламуддин Саховий раҳимаҳуллоҳ: «Дуонинг баракоти кўп, фойдалари қамровлидир, хусусан, хатми Қуръон чоғида раҳмат нозил бўлиб турган пайтда бўлса», деганлар.
Демак, Қуръон хатм қилганда дуо қилишни шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари тавсия этган, суннат қилган эканлар ва саҳобалардан тортиб, барча улуғ имомлар бу суннатга амал қилиб келишган экан. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.