ҚУРЪОНИ КАРИМ ОЯТЛАРИ НЕЧТА?

ID: 888

04.04.2025

7

Савол:

Интернетда Қуръони каримда нечта сура ва оятлар бор деган саволга ҳамма ҳар хил жавоблар беряпти, манбаалари билан, яъни 6666 та, 6236 та оят ва ҳокозалар. Айтингчи, оятлар сонининг қайси бири тўғри?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Қуръони карим оятларининг сони борасида уламолар турлича фикр билдиришган: Басра уламолари 6204 та, Макка уламолари 6219 та, Кўфа уламолари 6236 та, Шом уламолари 6225 та дейишган. Баъзи уламолар бундан ҳам кўпроқ белгилашган. Масалан, буйук муфассир аждодимиз Маҳмуд Замахшарий "Ал-Кашшоф" тафсирида Қуръони каримда 114 та сура, 6666 оят, 77439 калима ва 325343 дона ҳарф бор деб ёзганлар. Бу масалада кўп муфассирлар Кўфа уламолари фикрини ёқлашади. Қуръони каримнинг бугун тарқатилаётган нусхаларида ҳам оятлар сони 6236 та белгиланган.

Қуръон оятлари сонини белгилашда фикрлар фарқли бўлишига асосий сабаб қироат уламолариинг тўхташ (вақф ) аломатини турли жойга қўйишгани сабабдир. Чунки, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга Қуръондан таълим бераётиб ўқиганларида оят охирида тўхташ кераклигини билдирадиган даражада тин олардилар. Маъно тугалланмаган бўлса, гоҳо кейинги оятни ҳам қўшиб ўқирдилар. Тинглаб ўтирган саҳобалардан айримлари Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам тин олган жойгача бўлган қисмни бир оят деб ҳисоблашса, бошқалари маъно тугаллангунича давом этган қисмни бир оят деб билишган. Бундан ташқари айрим сураларнинг бошида келган ҳарфлар бирикмасини Кўфа олимлари алоҳида оят деб айтишган. Уларинг фикрича (Тоҳа), (Ёсин), (Ҳамим) алоҳида оят ҳисобланади. Бошқа олимлар уларни оят эмас, сураларнинг бошланиши деб билишган.

Шуни алоҳида эслатиб айтамизки, оятларнинг саноқларидаги фарқлардан зинҳор қўшимча қўшилган ёки камайтирилган деган фикр келмаслиги керак. Йуқорида кўриб ўтганимиздек бу борада саноқлар ҳар хиллиги уламоларнинг вақф аломатини қўйиш, оятларни ажратиш асослари турлича бўлганидандир.

Демак, Қуръон оятларининг 6236 та экани кўпчилик уламолар иттифоқ қилган саноқдир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар