Қуръони каримда “Менинг оятларимни арзимас матоҳга алмаштирманглар…” қабилида оят бор. Шу оятга амал қиладиган бўлсак, муқаддас Қуръони карим китобини сотиш жоизми?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ҳанафий мазҳабимиз ҳамда моликий, Шофеиъй мазҳаби олимларининг якдил фатволарига кўра, Қуръони карим мушафини сотиш жоиздир. Чунки сотиладиган нарса қоғоз, сиёҳ, жилд ва шу кабилардан иборатдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сурасида: “Аллоҳ савдо-сотиқни ҳалол қилди”, деган (275-оят).
Саволда зикр қилинган Аллоҳ таолонинг: “Оятларимни озгина баҳога сотмангиз ва Мендангина қўрқингиз!” (Бақара сураси, 41-оят) мазмунидаги ояти каримаси Бану Исроил қавмига хитобан нозил қилинган бўлиб, улар ўзларининг муқаддас китоблари “Таврот”нинг айрим оятларини пул эвазига ўзгартиришган эдилар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.