Аёл кишиман, узрли кунларимда Қуръони каримни ўқий олмаслигимни биламан. Лекин уни ушлашим, ўпиб кўзимга суришим мумкинми?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Йўқ ундай қилиб бўлмайди. Чунки таҳоратсиз кишилар, ҳайз кўрган аёллар, жунуб бўлганлар Қуръони карим китобини, Қуръон оятлари ёзилган қоғоз, танга ёки сувинерларни ушлашлари жоиз эмас. Зеро Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломидир. Уни покиза ҳолда ушлаш билан ҳам унга ҳурмат ва таъзим ифода қилинади. Ҳаким ибн Ҳизом разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
عن حَكِيم بن حِزام قال: لَمَّا بَعَثني رسول الله صلى الله عليه وسلم إلى اليَمَن قال: لا تَمسَّ القرآنَ إلا وأنت طاهر (روى الحاكم في «المستدرك» وصحَّحه)
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга йубораётганларида “Қуръони каримни фақатгина пок ҳолингда ушлагин” – деган эдилар” (Имом Ҳоким Мустадрак китобларида ривоят қилган ва бу ҳадисни саҳиҳ деганлар)”.
Ватандошимиз аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ ҳам айни шу маънода айтадилар: “Қуръони каримни таҳоратсиз ушлаш мумкин эмаслигига бизнинг далилимиз Аллоҳ таолонинг мана бу ояти, яъни “Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар” (Воқеа сураси 79-оят) ва пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қуръонни фақат пок инсонгина ушлайди”, деган ҳадисларидир. Қолаверса, Қуръони улуғлаш вожибдир, мушафни (Қуръони карим китобини) нопок қўл билан ушлаш эса уни улуғлаш эмас” (“Бадўиус саноиъ” китоби).
Яна бир мўтабар манба, имом Марғиноний раҳимаҳуллоҳнинг “Ҳидоя” асарида ҳам шундай дейилади:
وَلَيْسَ لَهُمْ مَسُّ الْمُصْحَفِ إلَّا بِغِلَافِهِ ، وَلَا أَخْذُ دِرْهَمٍ فِيهِ سُورَةٌ مِنْ الْقُرْآنِ إلَّا بِصُرَّتِهِ وَكَذَا الْمُحْدِثُ لَا يَمَسُّ الْمُصْحَفَ إلَّا بِغِلَافِهِ (الهداية)
“Ҳайз ёки нифос кўраётган, жунуб бўлганлар мушафни фақат ғилофи билан, Қуръони каримдан сура ёки оятлар ёзилган тангаларни ҳамён билан ушлашлари мумкин. Таҳоратсиз киши ҳам мушафни ғилоф билан ушлайди” (“Ҳидоя” китоби).
Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш керакки, нафақат Қуръони карим, балки Қуръонни бошқа тилларга қилинган таржималари, тафсирларини ҳам нопок ҳолда ушлаш жоиз эмас. Фиқҳий манбаалардан Баҳрур роиқ китобида:
وَلَوْ كَانَ الْقُرْآنُ مَكْتُوبًا بِالْفَارِسِيَّةِ يَحْرُمُ عَلَى الْجُنُبِ وَالْحَائِضِ مَسُّهُ بِالْإِجْمَاعِ وَهُوَ الصَّحِيحُ (البحر الرائق شرح كنز الدقائق)
“Агар Қуръони карим форс тилида (шунингдек бошқа тилларда) ёзилган бўлса, жунуб киши ва ҳайз кўрган аёл уни ушлаши ҳаром бўлади. Шу ҳукмга барча уламолар ижмў қилганлар ва шу гап саҳиҳдир” – дейилади.
Демак, таҳоратсиз кишилар, ҳайз ёки нифос кўраётган аёллар, жунуб бўлганлар Қуръони каримни ғилофсиз ушлашлари ёки саволда сўралганидек ўпиб кўзга суришлари жоиз эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.