ҚУРЪОНИ КАРИМДАН ФОЛ ОЧИШНИНГ ҲУКМИ

ID: 93

04.04.2025

264

Савол:

Қуръондан фол очиш қандай бўлади ва бу иш жозми?

Жавоб:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Қуръондан фол очиш деганда фолбинларнинг фол очишини тушунмаслик керак. Фолбинлик мутлақо жоиз эмас. Фолбинга бориш гуноҳи азим. Ўзбек тилида ишлатиладиган фол ва фолбинлик араб тилидаги фол сўзидан фарқ қилади. Чунки араб тилида фол сўзи яхшиликни кўзлаш, яхши кўз билан қараш маъноларини англатади. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримизнинг "чиройли фол", яъни яхшиликни билдирувчи сўзларни ёқтиришлари айтилган (Ибн Можа ва Аҳмад ривоятлари). Қуръондан фол очиш деганда ҳам бирон иш бошлашдан олдин Қуръони каримдан бир саҳифани очиб, унда хайр ва яхшиликка далолат қилувчи оят чиқса, шу ишга қадам қўйишга айтилади. Бу иш уламолар ўртасидаги ихтилофли масалалардан бири  ҳисобланади. Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида бу иш макруҳ эканлиги айтилган.

Аллома Абдулҳай Лакнавий ўзларининг “Нафъул муфтий" китобларида ушбу саволга қуйидагича жавоб берганлар:

يكره كما في جامع الرموز عن التحفة وصرح بمنعه علي القاري المكي في شرح شرح النخبة

Яъни: "Қуръондан фол олиш макруҳдир. "Жомеъур румуз" да ҳам шундай келган. Мулло Али Қорий Маккий "Шарҳун Нухба" нинг шарҳида унинг жоиз эмаслигини очиқ айтиб ўтган". Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар