Ассалому алайкум, устозлар. Аллоҳ ўзи илмингизни зиёда қилсин. Менинг ёшим 47 да. Биринчи тўйимни қилишим, қизимни шу йили май ойида турмушга бердим. Иншааллоҳ, кейинги йилга баҳор ойларида туғади. Энди ўзбекларда "қовурдоқ" деган урф-одат қолиб кетган. Қизнинг ота-онаси қизнинг туғишига нималар қилиши керак ва нималардан шариат қайтарган, шуни хотинларга тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Укамнинг қизи ҳам туғибди, энди "қовурдоқ"қа таклиф қилиб келишди. Мен "Нима кераги бор шу ортиқча харажатларни, шариат булардан қайтарган," десам, "Қуданикига қуруқ бориш ҳам уят-ку," деб ҳар хил важларни рўкач қилишмоқда. "Одамлар нима дейди" эмас, "Аллоҳ нима дейди" деб, шуларни қилманглар десам, гапимни олишмади, "майли ўзи билади," дейишди. Хуллас, шу ҳолатларда шариатнинг ҳукми қандай? Батафсил маълумот берсангиз, хурсанд бўлардим.
Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Шариатимизда қавм-қариндошларни зиёрат қилиш, улардан хабар олиб, хурсандчилигига шерик бўлиш бу силаи раҳм бўлиб, савоби улуғ амаллардандир.
Аммо қовурдоққа чақириш ёки шунга ўхшаш урф-одатларни гўё диннинг талабидек мажбурий санаш, "одамлар нима дейди" деган андишада исрофгарчиликка, дабдабага, қарзга ёки ортиқча харажатга йўл қўйиш дуруст эмас.
Ислом шариати инсонга тоқатидан ортиқ нарсани юкламайди. Қудаларникига "қуруқ бориш уят" деган тушунча билан ўзини қийнаш тўғри эмас. Имконият даражасида, исроф қилмасдан, самимий ният билан кичик бир ҳадя ёки чақалоққа керакли совға олиб бориш кифоя қилади. Валлоҳу аълам.