Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Жавоб учун катта раҳмат. Аслида бу саволни беришимга қуйидаги холат сабаб бўлганди: кичкина қизим "дада шу деразадан кириб келиб бизнинг тарвузни еяётган ари қиёматда жавоб берадими" деб савол берганди. Мен "йўқ, у жавобгар бўлмайди. Чунки уларда нафс бор холос ақл йўқ. Бу ишни улар нотўғри эканлигини билишмайди ва улар бундан қайтарилмаган" деб жавоб берган эдим. Кейин сиз батафсил келтирган ҳадис маъноси ёдимга тушди ва мен нотўғри жавоб бердиммикин деб ўйланиб қолгандим. Энди сизнинг жавобингиздан олган хулосам: Муқобала фақат ҳайвонни ҳайвонга муносабати учун амалга оширилади. Ҳайвоннинг инсонга ёки аксинча муносабатида эса муқобала қилинмайди. Тўғри тушундимми? Шунда ўша ари қиёмат куни менинг тарвузимдан еганлиги учун менга ҳақ тўлайдими? Чунки ҳайвонот оламида ҳар бир турга ўз вазифаси йуклатилган. Масалан: чорва ҳайвонлари инсоният учун гўшт, сут, жун ва тезаклар билан фойда келтириш учун ҳаёт кечириши лозим. Бирор сигирни сутини соғиб олган одамдан сигир қиёматда ҳаққини талаб қилмайди. Ёки уни сўйган қассобдан қиёматда у мени сўйиб ўлдирди деб ҳақ талаб қилмайди. Лекин сигирига озуқа бермай уни соғиб олган одам ёки буқани ўтмас пичоқ билан сўйган қассоб ҳам қиёматда жавоб беради. Энди яна савол туғилади: ҳайвонга зулм қилган инсондан ҳайвонга нима олиб берилади ва инсонни сузган ёки тишлаган ҳайвондан инсонга нима олиб берилади? Инсонлар ўртасида бу масала маълум: золим инсон мазлум инсонга савобидан беради ёки гуноҳидан олади. Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Қиёматдаги ҳайвонлар ўртасидаги ҳисоб-китоб, инсонларники каби жазо ёки мукофот учун эмас, балки Аллоҳ таолонинг мутлақ адолатини намоён қилиш учундир. Шу сабабли, тарвузингизни еган ари бу иши учун жавобгар бўлмайди ва сизга унинг ҳаққини тўламайди, чунки у шариатга масъул эмас, балки ўз фитрати билан яшайди.
Инсон ҳайвонга зулм қилса, ҳайвоннинг ҳаққини поймол қилгани учун эмас, балки Аллоҳнинг яратган махлуқига озор бериш ҳақидаги амрига қарши чиққани учун жавоб беради. Бу ҳолатда инсондан савоб олиниб ҳайвонга берилмайди, балки инсон Аллоҳнинг олдида қилган гуноҳи учун жазоланади. Ҳайвон томонидан инсонга етказилган зарар эса инсон учун бир синов бўлиб, унга сабр қилса ажр олади.