ҚАСР НАМОЗИ

ID: 4195

14.11.2025

84

Савол:

Ассалому алайкум. Мен Бухоро вилояти Ғиждувон туманида туғилганман ва у эрда узоқ вақт яшаганман. Кейинчалик оиламиз билан Бухоро шаҳрига кўчиб ўтганмиз ва у эрда ҳам узоқ вақт яшаганмиз. 2021-йилдан бошлаб Тошкентда истиқомат қилиб келмоқдамиз. Ҳар сафар Тошкентдан Бухорога сафарга чиққанимда йўл давомида намозни қаср қилиб ўқирдим, Бухорога этиб боргач эса муқим бўлиб ўқирдим. Яқинда Бухородаги ўз уйимизни сотдик, бироқ мен туғилган уй ҳануз мавжуд, у эрда амаким ва уларнинг оиласи яшайдилар. Шу ҳолатда мен Ғиждувонга борганимда намозни қаср ҳолатида ўқишим керакми ёки муқим сифатида ўқишим керакми?

Жавоб:

Ассалом алайкум. Киши туғилиб ўсган жойи (ватани аслийси)дан оиласи билан бошқа жойга умрининг охиригача яшаш мақсадида кўчиб кетса, янги жой ватани аслийга айланади. Табиийки у эрда муқим бўлиб, намозни тўлиқ ўқийди. Киши оиласи ва нарсалари билан бошқа шаҳарга кўчганда аввалги ватанида ҳовли-жойлари қолса, у эр ватани аслий бўлиб қолаверади. Лекин кўчгандан кейин туғилиб ўсган жойида уй-жойи ёки оиласи қолмаса, у эр ватани аслийликдан чиқади. Шунинг учун у эрга ўн беш кундан кам муддатга борганда намозларини қаср қилиб ўқийди (“Муҳити Бурҳоний” ва “Лубоб” китоблари асосида). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар