Эркак ёки урғочи ҳайвонлардан қайси бирини қурбонлик қилиш афзал?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Аслида, қурбонлик учун эркак ҳайвон бўлсин, урғочи бўлсин гўшти кўпроғи афзал ҳисобланади. Чунки бунда камбағаллар учун манфаат бор. Қолаверса, баъзи ҳадисларда қурбонлик учун аталган ҳайвон охиратда қурбонлик қилувчининг маркаби бўлиши, қурбонлик бу дунёда қанча катта бўлса, охиратда ҳам қурбонлик қилувчига шунча яхши экани таъкидланган (Мулла Али ал-Қори, “Мирқотул-мафотиҳ” китоби).
Агар қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг эркак ва урғочиси гўштининг кўп-озлигида ва қийматида тенг бўлса, гўшти ширинроғи афзал бўлади. Шунга кўра, қиймати ва гўшти тенг бўлган қўйлар орасида соғлиқ қўйдан қўчқор афзал саналади. Чунки қўчқорнинг гўшти ширин бўлади. Қорамолда эса, ғунажин буқадан афзал саналади. Чунки унинг гўшти ширин бўлади. Туяда ҳам эркагидан кўра урғочисини қурбонлик қилингани афзалдир (Бурҳониддин ибн Моза, “Ал-Муҳийт ал-Бурҳоний” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.