ҚАЗО-ҚАДАРНИ ДУО ҚАЙТАРАДИМИ?

ID: 379

04.04.2025

29

Савол:

Қазойи қадарни дуо қайтарадими?

Жавоб:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Термизий ривоятида: “Албатта, дуо нозил бўлган ва энди нозил бўладиган (касаллик, мусибат каби)ларда нафъ беради”.

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қазони фақат дуо қайтаради, умрни фақат яхшиликлар зиёда қилади” (Термизий ривояти).

Ушбу ҳадисларнинг зоҳиридан қазо-қадар ўзгариши тушунилади. Аммо Аҳли сунна вал жамўа ақидасига кўра қазо-қадар ўзгармайди. Зоҳиридан қараганда икки бир бирига қарама қарши тушунча пайдо бўлмоқда.

Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий: Баъзи одамлар қазо ва қадарга иймон келтириш сабабларга мурожаат қилишга ҳожат қолдирмайди деб ўйлайдилар. Масалан касал одам шифо топиш учун дори дармонга муҳтож эмас. Чунки унинг тақдирида шифо топиш ёзилган бўлса, шифо топаверади. Ризқ тақдирга ёзилган бўлса, Аллоҳ ризқ бераверади, касбга – ишлашга ҳожат йўқ деб ўйлайдилар. Бу нотўғри эътиқоддир.

Чунки тақдирда фақат натижалар ёзилган эмас. Балки натижаларга олиб борувчи сабаблар ҳам ёзилган. Ҳамма нарса тақдирда битилган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Ҳар нарса тақдир биландир. Ҳатто ожизлик ва топқирлик ҳам” (Табароний ривояти).

Шунга кўра бир инсонга касаллик етиши Аллоҳнинг тақдири билан бўлгани каби, унинг табибга ва дори дармонга мурожаат қилиб, шифо топиши ҳам тақдир биландир.

Масалан Аллоҳ таоло Собиқ азалий илмида фалон банданинг муайян вақтда касаллик чангалига тушишини билган. Ҳудди шунингдек, ўша фалончи Аллоҳга тазарруъ қилиб, шифо сўрашини ёхуд садақотлар қилиб, унинг баракотидан шифо беришини сўрашини билган. Ҳамда унинг дуосини ижобат қилиши ёхуд ажали етгани сабаб дуосини ижобат қилмалигини ҳам билган. Хуллас мазкур воқеъалар силсиласининг ҳаммаси тақдирда мавжуддир.

Хулоса қилиб айтганда тақдирни ўзгартирувчи дуонинг ўзи ҳам тақдирда битилгандир.

“Мазкур иккала ҳадис бир-бирига зид эмас. Ҳа, Аллоҳ таоло халойиқнинг миқдорларини осмонлару ерни яратишидан эллик минг йил олдин битиб қўйган, Унинг битиб қўйганида асло ўзгариш бўлмайди. Лекин У зот рўй берадиган ушбу нарсаларга азалий сабабларни тайин қилган. Яъни солиҳ амаллар саодатга эришиш учун қўйилган азалий сабаблар бўлса, ёмон амаллар бадбахт бўлиш учун азалий сабаблардир. Шунингдек, яхшилик, гўзал хулқли бўлиш ва қариндошлик алоқаларини боғлаш каби амаллар ҳам азалий сабаблар қаторига киради” (Ҳофиз Абул Қосим Лалкоий. “Шарҳу эътиқоди аҳли сунна” 3-жуз. “Мактабатуш шомила”. – Б. 18.). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар