Бисмиллаҳ Ассалому алайкум. Саволим шундаки яқинда бахтсиз ҳодиса сабабли акамдан айрилдик 2ойлар бўлди. Қабрлари устига кичик тош қўйиб, қабрларини устини лой билан шуваб, атрофини ўраб қўймоқчи эдик. Яқинда куз қиш ёмғир қор фасли кучли ёмғир сабаб қабрнинг усти ёйилиб эзилиб кетмаслиги учун. Аммо кўп киши ҳали йили бўлмагунча қабрга тегиб бўлмайди дейилди. Шу тўғрими йилли ўтмагунча қабрга тегилмайдими?
Маййитнинг йили ўтмагунча қабрга тегиб бўлмайди, деган гап шариатда асосга эга эмас. Шариатдаги асосий талаб – қабрни зийнатламаслик, бу борада дабдаба қилмаслик ва исрофгарчиликка йўл қўймасликдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрни бўр (гипс, оҳак) билан сувашни, устига бино қуришни ман қилганлар. Бундан мақсад – қабрларни содда ва табиий ҳолда сақлаб, молни беҳуда сарфламасликдир. Бироқ, зарурат йузасидан, масалан, сиз айтгандек, ёмғир-қор сувлари йувиб кетмаслиги учун қабр устини оддий лой билан сувашга баъзи уламолар, жумладан Имом Шофеъий рухсат берганлар. Шунингдек, қабрнинг ўрни билиниб туриши, йўқолиб кетмаслиги учун бош томонига оддий белги тошини қўйиш мумкинлиги ҳадисларда истисно қилинган. Демак, сизнинг ниятингиз қабрни зийнатлаш эмас, балки уни ташқи таъсирлардан асраш экан, қабр устини лой билан текислаб, белги учун кичик тош қўйишингиз мумкин. Аммо атрофини панжара билан ўрашингиз дуруст эмас.