ҚАБР СИҚИШИ ҲАҚИДА

ID: 2106

23.08.2025

143

Савол:

Ассалому алайкум! Қабр ҳар бир кишини бир марта сиқади деб эшитганман, мумин ёки кофир булишидан қатъи назар. Шу гап ростми?

Жавоб:

Ҳадиси шарифда айтилганидек, қабр ҳар бир кишини сиқади. Мўмин кишини қандай сиқиши борасида уламолар ихтилоф қилганлар. Бу масалада икки хил фикр мавжуд: 1-фикр: Қабр ҳар бир мўминга ҳам таъсир қилади ва уни сиқади. Лекин солиҳ мўминга бу сиқиш кучли бўлса ҳам, унга тез орада енгиллик ва кенглик келади. Қабри кенгайиб, азоб узоқ давом этмайди. Аммо фосиқ (гуноҳкор) мўминга унинг гуноҳлари ва осийлигига қараб бу сиқиш қаттиқроқ ва узоқроқ бўлади. Абу Қосим Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Қабр сиқишидан на солиҳ, на фожир қутулолмайди. Лекин мусулмон билан кофир ўртасидаги фарқ шундаки, кофир учун бу сиқиш узлуксиз давом этади, мўмин эса аввал бошида сиқилади, кейин унга кенглик ва енгиллик берилади”. Ҳаким ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ дейдилар: “Қабр сиқишининг сабаби шундаки, ҳар қандай одам, ҳатто солиҳ бўлса ҳам, ҳаёти давомида бирон гуноҳ қилган бўлади. Шу гуноҳининг жазоси сифатида қабр унга бир марта сиқади, сўнгра Аллоҳнинг раҳмати етиб боради ва у енгиллашади”. Бу сўзлар Суйутийнинг «Сунан ан-Насоий» шарҳида ва Рамлийнинг «Фатово» китобларида келтирилган. 2-фикр: Қабр мўмин солиҳларни ҳам сиқади, аммо бу сиқиш – меҳр ва шафқат билан бўлади. Унда оғриқ ёки азоб бўлмайди. Аммо гуноҳкор мусулмонларга уларнинг гуноҳлари ва ёмон амалларига қараб бу сиқиш қаттиқ ва азобли бўлади. Муҳаммад ат-Таймий раҳимаҳуллоҳдан шундай нақл қилинади: “Айтилишича, қабр сиқишининг асли – қабр инсоннинг онасидир. Одамлар ундан яратилган ва узоқ вақт ундан йироқда яшаган. Энди улар ўз онаси – ерга қайтиб келишган. Она ўғлини узоқдан кейин қайта кўрганида, уни раҳм-шафқат билан бағрига босганидек, қабр ҳам мўминни меҳр билан қучоқлайди. Агар у Аллоҳга итоат қилган бўлса, қабр уни раҳмат билан сиқади. Агар Аллоҳга осий бўлган бўлса, қабр уни ғазаб билан қаттиқ сиқади”. Бу ривоятни Суйутий «Сунан ан-Насоий» шарҳида ва «Башро ал-Каъиб би лиқо ал-Хабиб» китобида келтирган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар