ҚАБР САВОЛ ЖАВОБИ ҲАҚИДА

ID: 2080

22.08.2025

583

Савол:

Ассалому алайкум жасади ёниб кул бўлиб кетган инсон ҳам қабр савол-жавоби ва азоби буладими?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳа, албатта жасади ёниб, кулга айланган инсонга ҳам қабрдаги савол-жавоб ва азобга лойиқ бўлса, қабр азоби бўлади. Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Қабрда Мункар ва Накирнинг сўроғи ҳақдир. Қабрда жасадга руҳнинг қайтарилиши ҳам ҳақдир. Ҳамма кофирларни қабрнинг сиқиши ва азоби ҳақ ва йуз берувчидир. Осий мўминларнинг баъзиларига ҳам бундай азобнинг бўлиши ҳақ ва жоиздир” (“Ал-Фиқҳул-акбар” китоби). Ҳар бир ўлган одам қабрга кўмилса ё кўмилмаса ҳам, йиртқичлар еб бўлиб кетса ҳам, куйиб кул бўлиб, ҳавога учиб кетса ҳам, ғарқ бўлиб, балиқларга ем бўлса ҳам, Мункар ва Накирнинг сўроғига тутилади ва шунга қараб ё азоб ёки роҳатда бўлади. Ибораларда қабр ва дафнни зикр қилиш эса ғолиб ҳолат эътиборидан бўлган. Бу ҳақида Имом Таҳовий шундай зикр қилганлар: وَاعْلَمْ أَنَّ عَذَابَ الْقَبْرِ هُوَ عَذَابُ الْبَرْزَخِ، فَكُلُّ مَنْ مَاتَ وَهُوَ مُسْتَحِقٌّ لِلْعَذَابِ نَالَه نَصِيبُه منه، قُبِرَ أَوْ لَمْ يُقْبَرْ، أَكَلَتْه السِّبَاعُ أَوِ احْتَرَقَ حتى صَارَ رَمَادًا وَنُسِفَ في الْهَوَاءِ، أَوْ صُلِبَ أَوْ غَرِقَ في الْبَحْرِ - وَصَلَ إلى رُوحِه وَبَدَنِه مِنَ الْعَذَابِ مَا يَصِلُ إلى الْمَقْبُورِ. “Билгин. Қабр азобидан мурод барзах азобидир. Ҳар бир ўлган одам, азобга лойиқ бўлса, қабрга кўмилса ҳам, кўмилмаса ҳам, ўз насибасини тортади. Йиртқичлар еб кетса ҳам, куйиб кул бўлиб, ҳавога учиб кетса ҳам, осилса ҳам, ғарқ бўлса ҳам барибир. Қабр аҳлларига етган азоб, уларнинг ҳам руҳу баданларига етади” (“Ақийдатут-Таҳовий” китоби).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар