ҚАБРДАГИ СЎРОҚ

ID: 12495

25.05.2026

169

Савол:

Ассалому алайкум. Биламизки, ҳар бир банда вафот этгач қабрда сўроқ қилинади. Энди саволим шуки, балоғатга этмай вафот этганлар ҳам сўроқ қилинадими? Ахир улар ақлини танимаган кимсаку? Пайғамбаримиз алайҳиссалом балоғатга этмаган ўз ўғиллари Иброҳимни қабрга қўйганларида “ҳозир сенинг олдинга 2 та фаришта келади. “Роббим Аллоҳ” дегин, “Пайғамбарим отам Муҳаммад алайҳиссалом” дегин. “Диним ислом” дегин, деб айтган эканлар. Бу воқеадан, демак ҳамма, яъни балоғатга этмаганлар ҳам сўроқ қилинади деган хулоса чиқадими?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Балоғатга этмай вафот этган болалар қабрда савол-жавоб қилиниши масаласида уламолар ихтилоф қилганлар:

  1. Имом Абул Муъин Насафий, Ибн Салоҳ, Нававий, Субкий, Ибн Ҳажар Маккий каби олимлар балоғатга этмаган болалар қабрда савол жавоб қилинмайди, деганлар. Абул Муъин Насафий “Баҳрул калом” китобида (179-бет) шундай дейдилар: “Шунингдек, мусулмонларнинг ёш болаларига ҳам ҳисоб, азоб ва қабрдаги савол-жавоб бўлмайди”. Сиз айтган ҳадисни бир қатор олимлар “ғариб”, “саҳиҳ эмас” деганлар. Аллома Субкий айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғилларига талқин қилишлари (қабрдаги саволларга жавобларни ўргатишлари) ҳақида ривоятнинг асли йўқ”. Аллома Закариё Ансорий айтадилар: “Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўғилларига талқин қилишлари ҳақидаги ривоят ғарибдир”.
  2. Айрим олимлар эса ёш бола ҳам қабрда савол-жавоб қилинади деганлар. “Фатовои Баззозия”да шундай дейилади: “Ҳар бир руҳ эгаси савол-жавоб қилинади, ҳатто ёш бола ҳам, Аллоҳ таоло унга (тўғри жавобни) илҳом қилади”. Имом Қуртубий “Тазкира”да шундай дейдилар: “Ёш болалар (қабрдаги савол-жавобда) худди балоғатга этганлар кабидирлар. Улар ўзларининг (қабрдаги) мавқелари ва бахт-саодатларини билишлари учун ақллари комил қилиб қўйилади ҳамда сўраладиган нарсаларига жавоб бериш илҳом қилинади”. Мазҳабимизда биринчи қараш кучлироқ саналади. Аллома Ҳаскафий “Дуррул муҳтор”да айтадилар: “Енг саҳиҳ гап шуки, пайғамбарлар ҳам, мўминларнинг ёш болалари ҳам савол-жавоб қилинмайди”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар