ҒУСЛ

ID: 5470

25.12.2025

456

Савол:

Эр хотин яқинлик қилгач ғусл қилиш кераклгини билман. Аммо яна алоқа қилиш мақсад бўлса, бир неча алоқа учун бир марта ғусл қилиш мумкинми?

Жавоб:

Бисмиллаҳир роҳманир Роҳим. Бир кечада бир неча марта жинсий алоқа қилган киши ҳар бирига ғусл қилиши шарт эмас. Аммо жинсий алоқадан сўнг таҳорат қилиш ва аврат аъзоларни ювиш мустаҳаб. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

إذا أتَى أحَدُكُمْ أهْلَهُ، ثُمَّ أرادَ أنْ يَعُودَ، فَلْيَتَوَضَّأ بَيْنَهُمَا وُضُوأً (رواه الامام مسلم عن ابي سعيد الخدري رضي الله عنه)

яъни: “Сизлардан бирортангиз ўз аҳли(аёли)га яқинлик қилса ва яна яқинлик қилишни хоҳласа иккаласини ўртасида таҳорат қилсин”, – дедилар. (Имом Муслим ривоятлари).

Бошқа бир ҳадисда Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу кечаси жунуб бўлганлари ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилганларида У зот алайҳиссалом: تَوَضَّأْ وَ اغْسِلْ ذَكَرَكَ ثُمَّ نَمْ (متفق عليه).

яъни: “Таҳорат қилинг ва закар(аврат)ингизни ювинг сўнгра ухланг”, – дедилар. Бу ҳадислар борасида аллома Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ “Мирқотул мафотиҳ” номли китобларида: “Ушбу ҳадисларда жунуб киши эйиш, ичиш, аёлига яна яқинлик қилиш ёки ухлашни хоҳласа, жинсий аъзоларини ювиш ва намозга таҳорат қилгандек таҳорат қилиши мустаҳаб эканлигига ишора бор” - деганлар.

Демак, бир кечада неча маротаба жинсий алоқа қилса ҳам, охирида бир марта ғусл қилиши вожиб. Яқинликлар орасида эса таҳорат қилиш ва аврат аъзоларини ювиш билан кифояланишлари ҳам мумкин. Бу ишларнинг мустаҳаб эканлиги юқоридаги ҳадиси шарифлардан маълум бўлди. Аммо, имконияти бор кишилар ҳар яқинликдан кейин ғусл қилишлари шарт бўлмасада, авло ишдир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар