Ғусл қилиш таҳорат ўрнига ўтадими?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ғуслнинг фарзлари мукаммал бажарилган бўлса, албатта бу ғусл таҳорат ўрнига ўтади. Чунки ғусл таҳоратдан кўра мукаммалдир. Лекин ғуслдан аввал таҳорат қилиш суннатдир. Оиша онамиз разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда:
كَانَ رَسُولُ اَللَّهِ صلى الله عليه وسلم إِذَا اِغْتَسَلَ مِنْ اَلْجَنَابَةِ يَبْدَأُ فَيَغْسِلُ يَدَيْهِ, ثُمَّ يُفْرِغُ بِيَمِينِهِ عَلَى شِمَالِهِ, فَيَغْسِلُ فَرْجَهُ, ثُمَّ يَتَوَضَّأُ, ثُمَّ يَأْخُذُ اَلْمَاءَ, فَيُدْخِلُ أَصَابِعَهُ فِي أُصُولِ اَلشَّعْرِ, ثُمَّ حَفَنَ عَلَى رَأْسِهِ ثَلَاثَ حَفَنَاتٍ, ثُمَّ أَفَاضَ عَلَى سَائِرِ جَسَدِهِ, ثُمَّ غَسَلَ رِجْلَيْهِ (رواه الامام مسلم).
яъни: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон жунубликдан ғусл қилсалар, аввал икки қўлларини йувишдан бошлар эдилар. Сўнгра ўнг қўллари билан чап қўлларига сув қуйиб, фаржлари(аврат аъзолари)ни йувар эдилар. Кейин эса, намозга қиладиган таҳоратларини қилардилар. Сўнгра панжаларини сочлари остига киритар эдилар. Токи сув яхши етганига ишонганларидан кейин, бошлари устидан уч ҳовуч сув қуяр эдилар. Кейин қолган жасадларига сув қуяр ва охирида оёқларини йувар эдилар (Имом Муслим ривояти)”, – дейилади.
Демак, йуқоридаги ҳадислардан маълум бўладики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо ғуслдан олдин таҳорат қилар эдилар ва бу биз умматларга суннат бўлиб қолган.
Аслида ғусл қилиш асносида таҳоратнинг ҳам барча фарзлари адо топади. Таҳорат кишини кичик таҳоратсизликдан покласа, ғусл катта таҳоратсизлик, яъни жунубликдан поклайди. Шундай экан, таҳорат қилмасдан ғусл қилинганида, бу ғусл таҳорат ўрнига ҳам ўтади. Лекин суннат тарк этилган бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.