Укам вафот этди. Унинг хотини ва битта қизи бор. Лекин қизи никоҳсиз туғилган. Қиз туғилгандан кейин ота-онасига никоҳ ўқилиб, оила бўлиб яшашган. Ўша қиз отасидан мерос оладими?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Шаръий жиҳатдан бу қиз отасидан мерос ололмайди. Мерос олиши учун уларнинг ўртасида насаб алоқаси бўлиши шарт. Зино сабабли у қизнинг насаби отадан эмас, онадан собит бўлади. Бу ҳақда Аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:
إذَا زَنَى رَجُلٌ بِامْرَأَةٍ فَجَاءَتْ بِوَلَدٍ فَادَّعَاهُ الزَّانِي لَمْ يَثْبُتْ نَسَبُهُ مِنْهُ لِانْعِدَامِ الْفِرَاشِ وَأَمَّا الْمَرْأَةُ فَيَثْبُتُ نَسَبُهُ مِنْهَا
“Киши бир аёл билан зино қилса ва у туғса, ўша зино қилувчи киши болани ўзидан бўлганини даъво қилса ҳам, насаб собит бўлмайди. Чунки аёл унинг тўшагида бўлмаган (яъни, аёл унинг никоҳида бўлмаган). Аммо боланинг насаби онадан собит бўлади” (“Бадоиъус-саноиъ” китоби).
Демак, у қиз отадан мерос олмайди, лекин онасига меросхўр бўла олади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.