ЎТМИШДАГИ ГУНОҲЛАР

ID: 3441

19.10.2025

84

Савол:

Ассалому алайкум, мен сизлардан иккита савол сўрамоқчиман ҳамда иккитаси ҳам гуноҳ ва тавба ҳақида. Агар инсон бир гуноҳдан тавба қилса, худдики ўша гуноҳни қилмагандек бўлади ҳамда Аллоҳ уни ёмон ишларини яхшиликка алмаштириб қўяди деб эшитгандим, шундан инсон Қиёмат куни тавба қилган гуноҳларидан ҳам ҳисоб қилинадими? Иккинчи саволим: ҳаммамиз ҳам гуноҳкор бандалармиз, мен ўтмишда қилиб тавба қилган гуноҳларим ҳақида кимдир мендан шу гуноҳни содир этганмисан деб сўраса қандай тарзда жавоб берганим афазалроқ? Жавоб учун олдиндан рахмат. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин!

Жавоб:

Ва алайкум ассалом.

  1. Инсонмиз, ожизмиз, гуноҳлар-хатолар шу қадарки, ҳатто англолмаймиз ҳам. Биз арзимас санаган ишлар ортидан кимлардир йиллаб, балки умр бўйи дард чекиб, қийин аҳволларда яшаётгандир?! Аллоҳнинг мағфиратига эришиш учун осийликдан тавба қилиш керак. Аллоҳ тавбанинг қабул бўлишига иккита шарт қўйган:
  2. Тезда тавба қилиш.
  3. Қилинган гуноҳни яна қайта қилмаслик «Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли бўлган Зотдир» («Фурқон» сураси, 70-оят). Хулоса ўрнида шуни айтамизки, уламоларимиз гуноҳларни уч турга бўлиб, шундай дейдилар:“Гуноҳлар уч турли бўлади: Аллоҳ кечирмайдиган гуноҳ, Аллоҳ кечирадиган гуноҳ, Аллоҳ таоло ҳеч нарсани қўймай, ҳисобини ҳам сўрайдиган гуноҳ. • Аллоҳ кечирмайдиган гуноҳ – Аллоҳга ширк келтириш. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган: “Албатта, кимки Аллоҳга ширк келтирса, унга жаннатни ҳаром қилади ва унинг жойи дўзахдир” (Моида сураси, 72-оят). • Аллоҳ кечирадиган гуноҳ – банда ўз нафсига қилган зулми бўлиб, у Аллоҳ ва банда ўртасидаги гуноҳдир. • Аллоҳ таоло ҳеч нарсани қўймай, ҳисобини ҳам сўрайдиган гуноҳ – бандаларнинг бир-бирларига қилган зулмидир.” Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан яна қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: “Одам болаларининг ҳаммаси – хатокор. Хато қилувчиларнинг яхшиси – тавба қилувчилардир” (Имом Термизий ривояти). Ислом дининг асосий қоидаларидан бири – модомики банда тирик экан, унга тавба эшиклари ёпилмаслигидир. Аллоҳ таоло тавба қилувчи бандаларини яхши кўришини баён қилиб, шундай дейди: “…Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб йурувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят). Жиноят ва унинг жазоси ҳамда тавба ва мағфират ҳақидаги оятлардан кейин, бу дунёйу, у дунёдаги мукофот ва жазонинг умумий қоидаси зикр қилинади: Қуръони Каримнинг «Нисо» сурасида: «Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилади. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир», дейилган (17-оят).
  4. Аллоҳдан кечиришини умид қилиб ҳаракат қилаяпман ва шунга ҳаракат қилаяпман деб жавоб бериш керак.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар