ЎТИРИБ НАМОЗ ЎҚИШДА ҚЎЛ ҚАНДАЙ БОҒЛАНАДИ

ID: 7182

09.02.2026

447

Савол:

Туриб намоз ўқиш имкон болмаган инсон ўтриб намоз ўқиса униг қўллари қай ҳолда турган афзал

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бундай одамлар ўтирган ҳолда руку қилиш ва эрга сажда қилишга қодир бўлсалар, курсига ўтириб намоз ўқишлари жоиз эмас. Чунки бу кишилар эрга сажда қилишлари фарз. Агар курсига ўтириб намоз ўқисалар, битта фарзни, яъни эрга сажда қилишни тарк қилган бўладилар.

Ўтирган ҳолда эрга сажда қила олмаса, ундай кишилар курсида ўтириб намоз ўқиши жоиз.

«Фатовои Татархония» китобида шундай дейилади:

وَإِنْ عَجَزَ عَنِ الْقِيَامِ وَقَدَرَ عَلَى الْقُعُودِ، فَإِنَّهُ يُصَلِّي الْمَكْتُوبَةَ قَاعِداً بِرُكُوعٍ وَسُجُودٍ، وَلاَ يُجْزِئُهُ غَيْرُ ذَلِكَ

«Тик тура олмайдиган, лекин ўтира оладиган одам фарз намозларни ўтирган ҳолда руку ва сажда қилиб ўқийди. Бундан бошқача ўқиш унга жоиз эмас».

Бир киши тик туришга ҳам, сажда ва рукуга ҳам қодир бўлмаса, ўтирган ҳолатда, имо-ишора билан намоз ўқийди. Саждага қилган имо-ишораси рукуга қилган ишорасидан кўпроқ бўлади, яъни пастроқ эгилади.

وَإِنْ تَعَذَّرَا مَعَ الْقِيَامِ أَوْمَأَ بِرَأْسِهِ قَاعِدًا إِنْ قَدَرَ، وَجَعَلَ سُجُودَهُ أَخْفَضَ مِنْ رُكُوعِهِ

«Руку-сажда қилиш ҳам, тик туриш узрли бўлса, намозни ўтирган ҳолатда, боши билан имо-ишора қилиб ўқийди, саждасини рукусидан пастроқ қилади» («Мухтасарул виқоя»).

Мана шундай беморлар, яъни тик туришга ҳам, руку-саждага ҳам қодир бўлмаган кишилар курсига ўтириб намоз ўқишлари дуруст бўлади, чунки улар тик тура олмагани ва эрга сажда қила олмагани учун курсига ўтириб, имо-ишора қилиб ўқиса, имкон даражасидаги ишни қилган бўладилар. Лекин афзали – эрга ўтириб имо-ишора қилишдир, чунки руку-сажда қила олмайдиган одам тик туриб имо-ишора қилганидан кўра эрга ўтириб, имо-ишора қилгани афзалдир.

Шу эрда эслатиб ўтамизки, тик тура олмайдиган одам деганда тик турса қаттиқ оғриқ сезадиган, касаллиги кучайиб кетадиган ёки тузалиши кечикиб кетадиган кишилар ҳам тушунилади («Муҳитул-Бурҳоний»). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар