Ҳаж бир неча турга бўлинишини эшитдим. Уларнинг қай бири афзал ва биз ҳажга борсак ҳажнинг қайси турини адо қиламиз?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Дарҳақиқат, ҳажнинг уч тури бор. Қирон, таматтуъ ва ифрод. Ҳанафий мазҳабимиз уламолари наздида ҳажнинг қирон тури афзал ҳисобланади. "Мухтасарул виқоя" китобида:
القران أَفْضَلُ مُطْلَقاً... والتَّمَتُّعُ أَفْضَلُ مِنَ الإِفْرَادِ
яъни: "Қирон мутлақо афзалдир. Таматтуъ ифроддан афзалдир" дейилади. Чунки, уламоларимиз наздида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қирон ҳажини қилганлар. Шунингдек, қирон ҳажи машаққатли бўлгани учун унга кўпроқ савоб берилади. Лекин уни қилиш учун кўп куч-қувват, сабр-тоқат ва билим керак. Чунки қирон ҳажида ҳожи Мадина мийқоти бўлмиш Зул ҳулайфадан умра ва ҳажни қўшиб ният қилиб эҳром боғлайди. Маккага келиб умра қилади ва ҳаж кунларигача эҳромда туради. Бу дегани биринчи борган баъзи ҳожиларимиз 17-15 кун эҳромда туришлари керак. Буни ўзига яраша машаққати бор. Бунинг устига тажриба шуни кўрсатадики, кўпчилик эҳромда йурганда турли камчиликларга йўл қўяди ва жаримага тушади. Ҳатто ҳажни бузадиган камчиликларга йўл қўйилиши эҳтимоли бор. Қирон ҳажи қилган киши эса ҳар бир жиноят учун икки ҳисса жарима ўтайди. Шунинг учун ҳожиларимизга Таматту ҳажини қилиш тавсия қилинади. Унда умрани қилгандан кейин токи ҳаж кунлари бошлангунга қадар ҳожилар эҳромсиз ҳолатда қулайликлардан фойдаланиб турадилар. Бу айниқса, қария ва заиф кишиларга қулайлик туғдиради. Таматтуъ ҳажи Қирондан кейин турсада, йуқоридаги иборада келгандек ифрод ҳажидан афзалроқ ва савоблироқ ҳисобланади. Чунки унда ҳам икки ибодат бажарилади. Шунинг учун таматтуъ ҳажида ҳам шукрона учун қон чиқариш вожиб бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.