ЯШИРИН НИКОҲ ҲАРОММИ

ID: 2550

13.09.2025

473

Савол:

Ассалом алекум. Интернетда бир домланинг маърузасини эшитиб қолдим. Уларнинг айтишича: Халол ва ҳаром никоҳ бор экан, яъни уларнинг òртасидаги фарқ эълон қилиш экан. Бу ҳақида Пайģамбаримиз С.А.В айтган гапларини мисол қилиб келтирдилар ва айтдиларки, 3 ва4 та гувоҳ билан домла олдида никоҳ òқитириш халққа эълон қилмасдан қариндош уруģ, қòни-қòшниларга айтмасдан никоҳ òқитириш ҳаром экан. Бундей никоҳда яшаётганлар зино билан яшашмоқда назлида маъруза қилган эканлар. Илтимос шунга аниқлик киритиб беринг.

Жавоб:

Ҳанафий мазҳабига кўра, никоҳнинг шаръан дуруст (саҳиҳ) бўлиши учун унинг рукн ва шартлари топилган бўлиши керак. Никоҳнинг рукни "ижоб ва қабул", яъни бир томоннинг таклифи ва иккинчи томоннинг бу таклифни қабул қилишидир. Унинг энг муҳим шарти эса гувоҳларнинг иштирокидир. Камида икки эркак ёки бир эркак ва икки аёл гувоҳлигида келин-куёвнинг ижоб ва қабули содир бўлса, шаръий никоҳ боғланган ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан, агар никоҳ маросимида етарлича гувоҳлар бўлган бўлса, гарчи у кенг оммага эълон қилинмаган бўлса-да, бу никоҳ дуруст ҳисобланади ва бундай оила қурганлар шаръан эр-хотиндир. Уларнинг ҳаётини "зино" деб аташ нотўғридир.

Шу билан бирга, никоҳни эълон қилиш, одамларга билдириш Ислом динида қаттиқ тарғиб қилинган амалдир.

Муҳаммад ибн Ҳотиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Никоҳда ҳаром билан ҳалолнинг орасининг ажралиши чилдирма ва овоздир», дедилар». Насаий ва Термизий ривояти.

Бу ердаги "ҳаром"дан мурод зино, "ҳалол"дан мурод эса шаръий никоҳдир. Яъни, зино яширинча, ҳаммадан пинҳон тутилади. Шаръий никоҳ эса, аксинча, хурсандчилик, ошкоралик, шодиёналик билан ўтказилиши лозим. Никоҳни эълон қилишнинг ҳикматлари кўп: биринчидан, бу фитна ва турли бўҳтонларнинг олдини олади, жамиятда икки ёшнинг ҳалол турмуш бошлаганини тасдиқлайди. Иккинчидан, насл-насабни сақлаш, келажакда мерос ва бошқа ҳуқуқий масалаларда аниқлик киритади.

Хулоса қилиб айтганда, домланинг гапида жон бор, лекин унинг "бундай никоҳ ҳаром ва унда яшаш зино" деган сўзлари муболағалидир. Тўғри, никоҳни қариндош-уруғ, қўни-қўшнилардан яшириб, пинҳона ўтказиш суннатга хилоф ишдир. Бироқ, агар никоҳнинг асосий шарти бўлган гувоҳлар мавжуд бўлса, у шаръан боғланган ҳисобланади. Мусулмон киши фитна ва гумонлардан узоқ бўлиш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига тўлиқ амал қилиш мақсадида никоҳни эълон қилиши ва шодиёна билан ўтказиши лозим ва мақсадга мувофиқдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар