Эркак киши ўз турмуш ўртоғига фарз намозларида имомликка ўтса бўладими? Бунинг тартиби қандай бўлади? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Эркак киши ўз турмуш ўртоғига (умуман, аёлларга) имомлик қилиши дуруст. Имомга ўтаётган эркак аёлларга ҳам имом бўлишини ният қилиши лозим. Қолаверса, аёл киши эркак кишига иқтидо қилганида орқа сафда туриши керак бўлади.
Фиқҳий манбаларимизда сафда туриш масаласи қуйидагича баён қилинган:
ويصف الرجال ثم الصبيان ثم الخنثي ثم النساء
яъни: “Сафда аввал эркаклар, сўнг ёш болалар, сўнг хунасалар, сўнг аёллар туради” (“Мухтасарул виқоя” китоби).
Агар хотин эрига иқтидо қилиб намоз ўқишса ва улардан бошқа одам бўлмаса, хотин орқа сафда туради. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.