Эркак кишини тўпиғи очиқ туриши суннатми?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ислом манманлик ва мутакаббирликнинг барча турларини ҳаром қилган. Ана ўшалар қаторида кийим-кечак ила манманлик қилиш, гердайишни ҳам ҳаром қилгандир. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
مَنْ جَرَّ ثَوْبَهُ خُيَلاَءَ لَمْ يَنْظُرِ اللَّهُ إِلَيْهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ
“Ким манманликлик ила кийимини судраб йурса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас”, – деганлар.
Шунда Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, менинг изоримнинг бир тарафи уни ушлаб йурмасам тушиб қолади?”, – дедилар. “Сен манманлик ила қиладиганлардан эмассан”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Имом Бухорий ўзларининг “Ал-Жомиус-саҳиҳ” ҳадис тўпламларида “Манманликсиз иштонини судраб йурган киши ҳақида боб”, деб алоҳида мавзу келтирганлар. Ушбу мавзу остида мазкур ҳадисни келтириш билан бирга Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир жанозага кийимларини судраб борганлари ҳақидаги ривоятни ҳам келтирадилар. Бу билан Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ манманликсиз узун кийим кийиш жоиз эканига ишора қиладилар.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ҳадисдаги “манманликлик ила” жумласи барча иштон пойчасини судраб йурувчилардан хослайди ва қайтариқдан мурод такаббурлик қилиб кийимни судраш эканини кўрсатади. Шунинг учун ҳам Набий алайҳиссалом Абу Бакр разияллоҳу анҳуга бу борада рухсат берганлар ва “Сен манманлик ила судраб йурадиганлардан эмассан”, дея марҳамат қилдилар (“Шарҳу Саҳиҳи Муслим” китоби 2-жуз, 116-бет).
Демак, эркак киши изор (иштон, шим)ини узун киймаслиги ёки топиқни очиб йуриши кераклиги ҳақидаги буйуруқларнинг асосий сабаби манманликдан қайтариш экан. Шунинг учун киши модомики мутакаббирлик қилмасдан тўпиғини ёпадиган узун шимда йуриши жоизлиги келиб чиқади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.