Мен динимиз тарихи билан танишганимда хатто пайғамбаримизни ҳам энага тарбиялаганини ўқиб билдим. Эримнинг молиявий жиҳатдан имконияти етишини ҳисобга олиб, мен ҳам эримдан фарзандимга энага ёнлашни талаб қилсам бўладими? Эрим унга бундай талаб қўйишга шаръан хаққим йўқлигини таъкидлаяпти. Бу борада менинг шаръий хуқуқим қандай?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Эр бой бўлса, яъни закот берадиган даражадаги маблағга эга киши бўлса, аёл эридан хизматкор талаб қилишга ҳаққи бор. Лекин Имом Абу Лайс Самарқандий “Ан-Навозил” номли китобда: “Аёл ўз вазифаларини бажаришга қодир бўлса, эри ундан ўз хизматларини бажаришни талаб қилади”, деганлар. Яъни, унга хизматкор олиб берилмайди.
Демак, бу масалада кўпроқ яшаб турган жойингизнинг урфига қаралади. Гарчи ҳаққингиз бўлса-да, хизматкор талаб қилишингиз ортидан оилада тушунмовчилик, совуқчилик ва энг ёмони оиланинг бузилиши келиб чиқадиган бўлса, бу ҳақдан кечган афзал бўлади. Чунки оиланинг бузилиши эвазига эришилган ҳақнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.