Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Насаб сабабли баъзи аёлларни никоҳлаш ҳаром бўлгани каби разў (сут эмизиш) сабабли ҳам маҳрамлик собит бўлади. Яъни бир бола бир аёлни сутини эмса, ўша аёл унга сут она бўлади ва мазкур аёлнинг эри унга сут ота бўлади.
Эмизиш йўли билан никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар қуйидагилар: Қуръони каримада бу тоифадаги аёллардан фақат икки тоифаси – эмиш туфайли ака бўлганлар ва эмиш туфайли опа-сингил бўлганлар зикр қилинган. Қолганлари эса Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умумий қоидага айланиб қолган ҳадиси шарифларида зикр қилинган: «Насаб туфайли ҳаром бўлганлар эмиш туфайли ҳам ҳаром бўлурлар». Яъни насаб алоқаси бўйча қайси тоифа аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлса, эмизиш орқали (бировнинг боласини бегона аёл эмизиши туфайли) ҳам ўша тоифа аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлади. Мисол учун, туққан онасининг никоҳи ҳаром бўлганидек, эмизган онасининг ҳам никоҳи ҳаром бўлади. Туғишган синглисининг никоҳи ҳаром бўлга¬нидек, эмикдош синглисининг никоҳи ҳам ҳаром бўлади ва ҳоказо. Шу эътибордан қуйидагилар ҳаром бўлади:
- Эмизган она. Бунга момолар ҳам киради.
- Эмикдош қиз. Бир одамнинг хотини бегона қизни эмизса, ўша қиз эмизган аёлнинг эрига ҳам қиз бўлади. Чунки аёлнинг сути эри билан бўлган жинсий алоқаси, ундан бўлган ҳомиласи туфайли пайдо бўлган. Шунинг учун эркак киши ҳам хотинини эмган болага сут орқали боғланади. Бунга эмиш туфайли қизнинг қизи ҳам, ўғилнинг қизлари ҳам киради. Яъни кишига унинг эмикдош қиз набиралари никоҳи ҳам ҳаромдир.
- Эмикдош опа-сингиллар. Мусулмон киши ўзи билан эмикдош бўлган опа-сингилларига уйланиши ҳаромдир. Бу хилдаги опа-сингиллар эмиш йўли билан турли ҳолатларда йузага келиши мумкин. 1. Бир боланинг онасини бегона қиз эмса, улар орасида эмикдошлик сабабли опа-сингиллик ёки опа-укалик пайдо бўлади. 2. Бир бола бегона аёлни эмса, аёлнинг туққан қизлари боланинг эмикдош опа-сингилларига айланади. 3. Бир бола ва бир қиз бошқа бир аёлни эмсалар ҳам, эмикдош ака-сингил бўлади.
- Эмикдош аммалар. Бир ўғил бола бегона аёлни эмса, ўша аёлнинг эрининг опа-сингиллари унга эмикдош аммаларга айланадилар ва боланинг уларга уйланиши ҳаром бўлади.
- Эмикдош холалар. Бир ўғил бола бегона аёлни эмса, ўша аёлнинг опа-сингиллари мазкур болага эмикдош холага айланадилар ва уларга уйланиши ҳаром бўлади.
- Эмикдош ака-укаларнинг қизлари. Бола ўз онасини эмган бегона болалар билан, ўзини эмизган бегона аёлнинг болалари билан ва ўзи билан бирга бошқа бегона аёлни эмишган болалар билан эмикдош ака-укага айланадилар. Ана ўша эмикдош ака-укаларга бир-бирларининг қизларига уйланишлари ҳаром бўлади.
- Эмикдош опа-сингилларнинг қизлари. Эмикдош опа-сингиллар ким эканлигини аввалда айтиб ўтдик. Уларнинг қизларига уйланиш ҳам ҳаромдир.
- Эмикдош қайноналар. Бунда хотинининг эмизган онаси ва момоси кўзда тутилган. У хотинга ақди никоҳ қилиши билан, худди насаб жиҳатидан унга она ва момо бўлган аёллар унинг эрига ҳаром бўлганидек, аёлнинг эмикдош она ва момолари ҳам ҳаром бўладилар. Бунда ақди никоҳ бўлса, бас. Яъни у хотин билан қовушмай туриб ажрашиб кетса ҳам, никоҳи ҳаром бўлаверади.
- Эмикдошлик бўйича ўгай она ва момолари. Бошқача қилиб айтганда, бир кишига уни эмизган аёл эрининг бошқа хотинлари ва уларнинг оналари ҳам ҳаром бўлади.
- Эмикдош фарзандларнинг хотинлари. Бир одамнинг аёли эмизган боланинг хотини унинг эрига ҳаром бўлади. Чунки бу ҳолда эмикдош ўғилнинг хотини, у эркакка эмикдош келин бўлади. Насабий келинга уйланиш абадий ҳаром бўлганидек, эмикдош келинга уйланиш ҳам абадий ҳаромдир.
- Хотинининг эмизган қизи. Бир киши хотин олди. У аёл бошқа эридалик чоғида бир қизни эмизган эди. Ўша қиз янги эрга эмикдошлик бўйича ўгай қиз бўлади. Агар эркак мазкур хотин билан эру хотин бўлиб, қовушиб яшаган бўлса, эмикдош ўгай қиз унга абадий ҳаром бўлади. Агар хотинга ақди никоҳ қилиб туриб, бирга яшамай туриб яъни жимўдан олдин ажрашиб кетса, унинг эмизган қизига уйланса, бўлади. Валлоҳу аълам.