ЭМИЗИШ

ID: 3754

30.10.2025

192

Савол:

Ассалому алайкум! 11 ойлик қизалоғим бор. Ўзим билмаган ҳолда, Аллоҳ изни ила яна иккинчи фарзандимга ҳам ҳомиладор бўлиб қолдим. Қизалоғимни ҳомилам неча ойлик бўлгач, эмизишдан чиқаришим мумкин ва бу учун менга гуноҳ ёзилмайдими? Ҳозирда ҳомилам ҳали 1 ярим ойлик.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Шариатда эмизишнинг мукаммал муддати икки йил этиб белгиланган. Бироқ, бу муддатни тўлиқ қилиш шарт эмас. Ота-она ўзаро маслаҳатлашиб, бир-бирининг розилиги билан ва боланинг соғлиғига зарар етказмаслик шарти билан фарзандни икки йилдан олдин ҳам кўкракдан ажратишлари жоиз. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: "Агар ўзаро рози бўлиб, сутдан ажратишни ирода қилсалар, икковларига гуноҳ бўлмас." (Бақара сураси, 233-оят).

Сизнинг ҳолатингизда, янги ҳомиладорлик сабабли ўзингизга, ҳомилангизга ёки эмизикли гўдакка бирор зарар етиш хавфи бўлса, бу гўдакни эртароқ сутдан ажратиш учун узрли сабаб ҳисобланади. Агар турмуш ўртоғингиз билан маслаҳатлашиб, унинг розилигини олсангиз ва қизалоғингизни керакли озуқа билан тўлиқ таъминлай олсангиз, уни ҳозирданоқ эмизишдан чиқарсангиз бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар