ЭМИЗИШ

ID: 1099

20.04.2025

453

Савол:

Эмизиш муддати қанча.агар муддатидан коп эмизса гунуҳ бўлмайдими

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Она эмизикли боласини имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга кўра икки ярим ёш, Имом Абу Йусуф ва Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳга кўра икки ёшгача эмизиши мумкин. Бу энг охирги муддат. Эр ва хотин боланинг аҳволидан келиб чиқиб, ўзаро маслаҳат қилиб, бу вақтлардан эртароқ сутдан чиқариш ҳам мумкин. Аммо икки ярим йилдан кейин эмизишга рухсат берилмаган. Бу хато ҳисобланади. Чунки шариатимиз кўрсатмасига кўра, инсоннинг бирор жузидан фойдаланиш ҳаром ҳисобланади. Фақатгина эмизикли бола учун истисно тариқасида сут эмишига рухсат берилган. Бу борада фиқҳий манбаларимизда иборалар берилган: وَوَقْتُ الرَّضَاعِ فِي قَوْلِ أَبِي حَنِيفَةَ - رَحِمَهُ اللَّهُ تَعَالَى - مُقَدَّرٌ بِثَلَاثِينَ شَهْرًا وَقَالَا مُقَدَّرٌ بِحَوْلَيْنِ هَكَذَا فِي فَتَاوَى قَاضِي خَانْ “Емизиш вақти – Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг қавлларига кўра ўттиз ой деб белгиланган. Имом Абу Йусуф ва Имом Муҳаммад раҳимаҳумаллоҳ икки йил деганлар. Фатовои Қозихонда шундай дейилган” (“Фатовои оламгирия” китоби). و في شرح المنظومة الإرضاع بعد مدته حرام؛ لأنه جزء الآدمي و الانتفاع به غير ضرورة حرام على الصحيح “Шарҳи манзума” китобида шундай дейилган: “Емизишнинг белгиланган муддатидан кейин ҳам эмизиш ҳаром ҳисобланади. Чунки сут инсоннинг бир жузи бўлиб, уламолар тўғриси шу деган гапга кўра заруратсиз инсон жузидан фойдаланиш ҳаром саналади. (“Мажмаул анҳур” китоби). Шунинг учун болани эмизишда муддатга аҳамият бериш лозим. Қолаверса, бола икки ярим ёшгача овқат ейдиган бўлиб қолади. Сут эмишга зарурат қолмайди. Агар бола нимжон ёки бошқа касаллик туфайли фақат сут билан озиқланса, бу ҳолат заруратга айланиб, то сутдан бошқа нарса ея оладиган бўлгунича икки ярим ёшдан кейин ҳам эмизиш жоиз бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар