Ассалому алейкум, саволим шундан иборатки тиббиётда ишлатиладиган бази дори воситалари таркибида хусусан "Креон" (овкат хазм килиш учун) да чучкадан олинган ферментлар бор экан, шу ёки шунга ухшаш дориларни истемол килса буладими? Жавоб учун олдиндан Рахмат, Аллох рози булсин
Ҳаром нарса билан даволаниш мумкин эмас. Бироқ, агар таркибида ҳаром модда бўлган дорининг шифо эканини тажрибали шифокор тасдиқласа ва ундан бошқа ҳалол муқобил даво воситаси топилмаса, зарурат йузасидан уни ишлатишга рухсат этилади. Бунда, даволаниш зарурати ва бошқа ҳалол дорининг йўқлиги асосий шарт ҳисобланади.
Аллома Ҳаскафий раҳимаҳуллоҳ мазҳабимизда ҳаром билан даволаниш жоиз эмаслигини баён қилиб, “Ҳовий” китобидан нақл қиладилар: “Баъзи қавлларга кўра ҳаром нарсада шифо борлиги маълум бўлса ва бошқа даво (дори) топилмаса, ҳаром билан даволанишга рухсат берилади. Бу худди чанқоқдан ўлар ҳолатга келган кишига май ичишга рухсат берилгани кабидир. Фатво шунгадир” (“Дуррул-мухтор” китоби).
Аллома Ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ йуқоридаги сўзларни шарҳлаб, ҳаром моддада шифо борлиги аниқ бўлмаса, у билан даволаниш жоиз эмаслигини айтадилар. Лекин ўша моддада шифо борлиги табиб ўтказган кўп тажрибалардан маълум бўлган бўлса, бу гумони ғолиб келган табибнинг сўзи сифатида эътиборга олинади.