Ҳаром касб қилиб пул топаётганлар бор ҳаётда. Лекин уларни ичида ҳам намоз ўқийдиганлари бор. Шу одамлар имомликка ўтиб қолса, ортида намоз ўқиш жоизми ёки ўқимасдан алоҳида ўқиш керакми?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Аҳли сунна вал-жамўа этиқодига кўра солиҳ ёки фожир бўлишидан қатъий назар ҳар қандай имомнинг ортида намоз ўқишни жоиз деб эътиқод қилинади. Имом Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:
ونرى الصلاة خلف كل بر وفاجر من أهل القبلة ونصلي على من مات منهم
яъни: “Аҳли қибла (яъни, мусулмон) бўлган яхши ва ёмон кишиларнинг ортидан намоз ўқишни жоиз деб биламиз. Уларнинг ҳар бирига жаноза ўқиймиз” (“Ал-Ақидатут-таҳовия” китоби).
Бидъат ва очиқ-ойдин гуноҳ қилиши маълум бўлмаган кишининг ортида намоз ўқиш уламолар иттифоқи билан жоиздир. Имомнинг эътиқодини билиш ёки имомни эътиқодинг қандай деб имтиҳон қилиш, имомга эргашиш шартларидан эмас. Кимлиги номаълум кишининг ортида ҳам намоз ўқилаверади. Агар фисқи зоҳир бўлган имом жума ва ҳайит намозларини ўқиш учун қўйилган бўлиб, унинг ортида ўқишдан бошқа илож бўлмаса, салаф ва халаф уламолар наздида унинг орқасида намоз ўқиши лозим бўлади. Ким фожир имомнинг ортида жума ва жамоатларда намоз ўқимаса, аксар уламолар наздида у киши бидъатчи ҳисобланади. Саҳиҳ қавлга кўра ўқиган намозини қайта ўқимайди. Чунки саҳобаи киромлар ҳам фожир имомлар орқасида намоз ўқир эдилар. Лекин намозни қайта ўқимас эдилар. Масалан Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу Ҳажжож ибн Йусуфнинг ортида намоз ўқир эдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ва бошқалар Валид ибн Уқба ибн Абу Муъайтнинг орқасида номоз ўқир эдилар. Ҳолбуки, у катта гуноҳлардан баъзисини қилар эди.
Саҳиҳ хабарда келишича Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу қамал қилинган пайтда одамларга бир шахс имомлик қилади. Шунда бир киши Усмон разияллоҳу анҳудан: “Сиз омманинг имомисиз, у фитна имоми шундайми?” – деб сўради. Шунда У зот: “Ей, қардошим! Намоз инсонлар қилаётган амалларнинг энг яхшисидир. Агар инсонлар яхши амал қилсалар, сен ҳам улар билан бирга қил! Агар ёмон амал қилсалар, улардан сақлан!” – деб жавоб берганлар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.