Диний китобларда "фитрат", "инсон фитрати" деган сўзларга дуч келаман. "Фитрат" деганда нима тушунилади?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Фитрат сўзи луғатда "софлик", бирор нарсанинг бошқа нарсага аралашмаган, асл ҳолатида турганлик маъноларини англатади. Инсон фитрати бу — банда ўзининг яратилган эканини ва унинг Яратувчиси борлигини билишга лаёқатли табиатидир. Аллоҳ таоло айтади:
فِطْرَةَ اللَّهِ الَّتِي فَطَرَ النَّاسَ عَلَيْهَا
яъни, “Инсонларни ўша асосда яратган Аллоҳнинг яратувчилигини (англангиз!)” (Рум сураси, 30-оят).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳар бир туғилган (гўдак) Ислом фитратида туғилади. Уни ота-онаси яҳудий қилади ё насроний қилади ё мажусий қилади..” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, Аллоҳ таоло инсон табиатини тавҳидга мос равишда бунёд этган. Қай бир инсон ўзининг азалий соф табиатини асраб қола олган бўлса, мўмин-мусулмон бўлади. Кимки ўз табиатини соф ҳолда сақлай олмаган бўлса, кофир, мушрикка айланади. Тавфиқ Аллоҳдан.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.