Ассалому алайкум. Менинг учта қизим бор. Овсинимнинг битта ўғли бор, кейин фарзанд бўлмаган. Мен учинчи қизимни агар қиз туғсам, шу кишига бераман, деганман ва туғилганидан бердим. Битта уйда турамиз, тарбиясида бевосита фаол иштирок этмоқдаман. Лекин яқинда бир гап эшитиб қолдим: фарзандни бошқага бериш гуноҳ эмиш. Шунда мен бир оиланинг бахтини бутун (тўкис) қиламан деб, ўзим билмаган ҳолда гуноҳкор бўлдимми? Энди нима қилсам бўлади?
Ваалайкум ассалом. Сиз бу ишингиз билан гуноҳкор бўлмагансиз. Шариатда ҳаром қилинган ва гуноҳ ҳисобланадиган нарса "табанний", яъни боланинг насабини бутунлай ўзгартириш, уни асл ота-онасидан узиб, тарбиялаган кишининг номига ўтказишдир. Бундай қилиш воқеликда боланинг мерос, никоҳ ва бошқа шаръий ҳуқуқларини поймол қилишга олиб келади. Сизнинг ҳолатингизда эса, қизнинг асл ота-онаси барчага маълум, ўзингиз ҳам тарбиясида фаол иштирок этмоқдасиз. Бу шариатда ман қилинган иш эмас, балки тарбиялашга ёрдам бериш ҳисобланади. Демак, келажакда қиз ўз насабини аниқ билса ва мерос ҳуқуқи унинг асл оиласига нисбатан қўлланиладиган, маҳрамият масалаларига амал қилинадиган бўлса, бу ишга монелик йўқ. Валлоҳу аълам.