Синглимнинг турмуши ўхшамаган, бир нафар фарзанди бор. Жияним уч ёшга кирган, дадасини сўрайди, биз жавоб бера олмаяпмиз. Биз ёш болага қандай тушунтирсак бўлади? Ҳозир ҳақиқатни айтишимиз керакми ёки озроқ жиянимиз катта бўлишини кутайликми? Биз жиянимга ҳақиқатни айтсак, руҳий зарба бериб қўйган бўлмаймизми? Ёки кейинчалик айтсак, келажагига таъсир қилмайдими? Шу борада уламолар нима дейишган? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Динимизда ёлғон қораланган амалдир. Ҳар қандай вазиятда ҳам ростгўй бўлиш Аллоҳнинг розилигига элтувчи хислатдир. Уч ёшли болага унинг дунёқарашига мослаб, ҳақиқатни ҳозироқ айтган маъқул. Болага меҳр билан «Даданг ва ойинг алоҳида уйларда яшашади, улар шунга қарор қилишган. Лекин иккалалари ҳам сени жуда яхши кўришади» дейилса, барча саволларга барҳам берилади. Бу боланинг руҳиятига зарба бермайди, аксинча, уни мавҳумликдан қутқариб, хотиржам қилади.
Шунингдек, болани отасига нисбатан нафрат билан улғайтирмаслик, агар шаръий монелик бўлмаса, силаи раҳмни узмаслик лозимдир. Валлоҳу аълам.