УМРАДА РАМАЛ ҚИЛИШ

ID: 40

04.04.2025

93

Савол:

Умрада рамал қилмаса нима бўлади?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Рамал – тавоф вақтида кўкракни кериб, қўлларни қимирлатиб, оёқларни яқин-яқин ташлаб, полвонларга ўхшаб шиддат билан йуришдир.

Рамал қилиш тавофнинг суннатларидан биридир. У ортида саъй бўлган тавофнинг аввалги уч айланасида адо этилади. Кейинги тўрт айланада рамал йўқ, балки ўз ҳолатида йурилади. 

Рамал қилиш эркаклар учун суннат, аёллар учун эмас. Улар оддий ҳолатда йуради. 

Рамални ҳозирги кунда одам кўп ва тиқилинч бўлганда ҳам имкон борича бажаришга ҳаракат қилинади. Чунки уни бошқа вақт бажариб бўлмайди ёки унинг ўрнини босадиган муқобил амал ҳам йўқ. 

“Раддул муҳтор” китобида бу ҳақда шундай дейилган:

وَرَمَلٌ فِي الثَّلَاثِ الْأُوَلِ فَقَطْ) وَلَوْ زَحَمَهُ النَّاسُ وَقَفَ حَتَّى يَجِدَ فُرْجَةً فَيَرْمُلُ 

“Фақат аввалги уч айланади рамал қилинади. Агар тиқилинч бўлса, бўш жой очилгунича тўхтаб туради. Жой очилгач, рамални давом эттиради”.

“Баҳрур роиқ”да бу борада шундай дейилган:

 وَهُوَ بِقُرْبِ الْبَيْتِ أَفْضَلُ فَإِنْ لَمْ يَقْدِرْ فَهُوَ فِي الْبُعْدِ مِنْ الْبَيْتِ أَفْضَلُ مِنْ الطَّوَافِ بِلَا رَمَلٍ مَعَ الْقُرْبِ مِنْهُ

“Байтуллоҳга яқин жойда рамал билан тавоф қилиш афзал. Агар бунинг имкони бўлмаса, Байтуллоҳдан узоқда рамал билан тавоф қилиш унинг яқинида рамалсиз тавоф қилишдан кўра афзалдир”. 

Демак, соғлом ва ёш зиёратчилар тиқилинч ҳолатларда уламоларнинг мана шу сўзларига амал қилиб, тавофнинг барча амалларини бекаму-кўст бажарса, улкан ажру савобга етадилар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар