Мени хўжайиним чет элда, кофир йуртда бинолар қурилишида йук машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлайдилар. Саволим шундаки, 3 маҳал намозни йук машинасидан тушмасдан ўтирган ҳолатларида ўқишларига тўғри келади. Сабаби у ерларда кўп ёғингарчилик бўлганлиги сабабли кўп ҳолларда ерлар лой бўлади, ўқишга шароит йўқ. Шунда йук машинасида ўтириб ўқишлари жоизми?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Уловга миниб намоз ўқиш ҳақида Мулла Али Қори роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Нафл намозларни шаҳар ташқариси (яъни, мусофир намозни қаср қиладиган ўринлар)да уловга минган ҳолда, қибладан бошқа томонга қараб ҳам имо ишора билан ўқиб кетиш мумкин. Имом Муслим, Абу Довуд ва Насоийлар Ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда: “Набий саллаллоҳу алайҳи васалламни Хайбар томонга юзланиб, уловлари устида намоз ўқиётганини кўрдим”, дейилади. Бошқа ривоятда “...Бу ишни (яъни, уловда намоз ўқишни) фарзларда қилмас эдилар”, деб келади. Фарздан олдинги ва кейинги суннатлар ҳам нафллар қаторида бўлади. Фақат Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ бомдоднинг суннатини уловдан тушиб ўқийди, чунки у бошқаларига нисбатан таъкидланиб келган, деганлар.
Фарзларни, жумладан витрни ҳам уловда ўқиб бўлмайди. Фақат узр бўлсагина, уловдан тушса касали зиёда бўладиган бўлса, йиртқичдан ёки душмандан қўрқса ёки эр лой бўлиб, саждада юзи лойга ботиб кетадиган бўлсагина жоиз. Худди шундай, назр қилинган намозлар, бузиб қўйилган нафлнинг қазоси, жаноза намози, эрда тиловат қилинган сажда ояти уловга миниб адо этилмайди (“Фатҳи бабил иноя”).
Демак, фарз ва вожиб намозларни улов ва машиналарда ўтириб ўқиб бўлмайди. Нафл намозларни мусофирчиликда улов ва машиналарда ўтириб, қайси йўналишда кетаётган бўлса ҳам, ўқиса бўлади. Фақат уловни ёки машинани ҳайдаётган бўлмаслиги керак. Нафл намозларни муқимликда улов устида фақат қиблага қараб ўқиш мумкин. Валлоҳу аълам.