Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Устоз, мен ҳозирги кунда бошқа бир давлатда мусофирман. Саволим шуки, мен ҳозир фақатгина кечқурун ишлаяпман. Ишим жисмоний ҳаракатда бўлгани учун, мен уйга бориб қаттиқ ухлаганим сабабли пешин ва аср намозларини қазо қилиб қўяяпман. Бу бир неча кундан бери такрорланяпти. Қазоларни қачон ўқишим керак? Жавоб учун Аллоҳ рози бўлсин.
Ваалайкум ассалом. Уйқу сабабли ўтиб кетган намозларни уйғонишингиз биланоқ ёки имкон бўлиши билан дарҳол қазо қилиб ўқишингиз шарт. Қазо намозларини фақат уч макруҳ вақтдан, яъни қуёш чиқиши, тикка келиши ва ботиши маҳалидан ташқари куннинг исталган пайтида адо этиш мумкин. Ибодатни ўз вақтида бажариш фарз эканини, уни қасддан қазо қилиб ўқигувчилар ҳақида оғир ваъидлар келганини унутманг ва шу эътиборидан намозни ўз вақтида ўқишга жидду-жаҳд қилинг. Валлоҳу аълам.