УЙДАГИЛАРИМ НАМОЗ ЎҚИШИМНИ ТЎХТАТИШДИ

ID: 439

04.04.2025

17

Савол:

Намоз ўқиб келаётгандим уйдагиларим ўқишни тўхтатишди. Тушунтиришларимга қарамай барибир тўхтатишди. Уларга намозни бандага қанчалик муҳим эканлигини тушунтиришларимга қарамай фойдаси бўлмади. Яна бошлаш учун нима қилишим керак? аллоҳ рози бўлсин сиздан илтимос менга маслаҳат беринг, ҳатто қазо қилиб ўқишгаям рухсат беришмаяпди.

Жавоб:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Аллоҳ таоло уларга инсоф берсин. Намоз динимизда нақадар улуғ ибодат эканини уларнинг қалбларига солсин.

Намоз динимизнинг асосий устунларидан бири ҳисобланади. Қуръони каримнинг бир неча ўрнида намозни адо этишга, қоим қилишга буйурилган. Фиқҳий китобларимизда намоз катта қисмни эгаллайди. Буларнинг намознинг нақадар муҳим эканига далолат қилади.

Фарз ибодатлар қатъий далиллар билан собит бўлган ва уларни бажаришда ўзгадан изн олинмайди. Чунки Аллоҳ таоло фарз қилганини бекор қилувчи йўқ.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлари давомида намозга катта аҳамият берганлар, ҳатто умрларининг сўнгги дақиқаларида ҳам намозга мустаҳкам бўлишни қайта-қайта тайинлаганлар.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан олдин касал бўлганларида: “Намозни (маҳкам ушланглар), қўл остингиздагилар (риоясини қилинглар)”, дедилар, тиллари ҳаракатланмай қолгунича шу сўзларни қайтаравердилар (Ибн Можа, Аҳмад, Абу Яъло ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Агар улар кўнмаса, улар кўрмайдиган қилиб намоз вақтларига риоя қилган ҳолда турли вақтларда адо қилиб йуринг. Кўчага чиқиб масжидларда ҳам адо этинг. Шундай қилиб адо этиб йурсангиз, ўзингиз учун ҳам, улар учун ҳам яхшилик қилган бўласиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар