Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Уйимизга совчилар келишди ва ёшлар гаплашиб кўришсин дедилар. Ота-онам ҳам бир гаплашиб кўр, ҳеч ким сани еб қўймайди дедилар. Лекин ҳали турмуш қуришни ҳоҳламайман. Шунга динимизда тўйдан олдин кўришиш тўғри бўладими? Жавоб учун олдиндан катта раҳмат
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бўлажак келин ва куёв никоҳдан аввал кўришишларига рухсат берилган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз бирор аёлга совчи қўймоқчи бўлсангиз, агар унинг никоҳига чорловчи нарсага назар солишга қодир бўлса, шуни қилсин», дедилар» (Абу Довуд, Шофеий ва Ҳоким ривоят қилишган).
Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши бир аёлга совчи қўймоқчи бўлганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга назар сол, чунки бундоқ қилиш иккингиз орангизда бардавомликка керакдир», дедилар» (Имом Насоий ва Имом Термизий ривоят қилишган).
Аммо бу кўришишга ёлғиз қолмаслик шарти билан рухсат этилади. Унаштирилгандан кейин ҳам гаплашишлари, кўришиб йуришларига рухсат йўқ. Чунки бу ишлар зинога эшик вазифасини бажариши мумкин. Фақат икки томон бир-бирини йузаки билиб оладиган даражадаги учрашувга, у ҳам хилватда бўлмаслиги шарти билан рухсат берилган. Бундай маълумот бир-икки учрашув билан ҳосил бўлади.