ТЎЙДАН ОЛДИНГИ УЧРАШУВ

ID: 324

04.04.2025

81

Савол:

Тўйдан олдин йигит ва қиз учрашишлари мумкинми? Қизнинг отаси йигит билан кўришса ҳам бўладими?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Бўлажак келин ва куёв никоҳдан аввал кўришишларига рухсат берилган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз бирор аёлга совчи қўймоқчи бўлсангиз, агар унинг никоҳига чорловчи нарсага назар солишга қодир бўлса, шуни қилсин», дедилар» (Абу Довуд, Шофеий ва Ҳоким ривоят қилишган).

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши бир аёлга совчи қўймоқчи бўлганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга назар сол, чунки бундоқ қилиш иккингиз орангизда бардавомликка керакдир», дедилар» (Насаий ва Термизий ривоят қилишган).

Аммо бу кўришишга ёлғиз қолмаслик шарти билан рухсат этилади. Унаштирилгандан кейин ҳам гаплашишлари, кўришиб йуришларига рухсат йўқ. Чунки бу ишлар зинога эшик вазифасини бажариши мумкин. Фақат икки томон бир-бирини йузаки билиб оладиган даражадаги учрашувга, у ҳам хилватда бўлмаслиги шарти билан рухсат берилган. Бундай маълумот бир-икки учрашув билан ҳосил бўлади.

Қизнинг отаси йигит билан кўришиши борасида икки томон ихтиёрли. Агар кўришмоқчи бўлсалар, бунга шариатда бирор қайтариқ йўқ. Аммо бу учрашувга йуқоридаги каби тавсиялар келган эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар