ТУҲМАТ

ID: 2484

10.09.2025

180

Савол:

Ассалому алайкум. Эримнинг укаси бошқа қариндошлари билан шаънимга доғ туширадиган турли туҳматлар қилишяпти, бузуқликда айблашяпти. "Фолбинга бориб эрини укасини ўқитиб ҳовлидан чиқариб йуборяпти" деб қайнона қайнотамга мени ҳайдаб йуборишларини сўрашяпти. Бўлган бирорта воқеага мени алоқам йўқ. Иккита болам бор. Нима қилай

Жавоб:

Пок аёлга туҳмат қилиб, уни бузуқликда айблаш динимиздаги энг оғир гуноҳлардан саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадисларида «Ҳалок қилувчи еттита гуноҳдан сақланинглар» , деганлар ва уларнинг орасида «...иффатли, мўмина, (ёмон хаёлдан) ғофил аёлларни зинода айблашдир» деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Сиз бундай айбловлардан жазавага тушманг, ўзингизни туҳматчиларнинг даражасига тушириб, улар билан жанжаллашиб йурманг, сабр қилинг. Бу сабрингиз эвазига улкан ажрлар олишингизни ҳам унутманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга қай бир мусибат: чарчоқми, беморликми, ташвишми, хафаликми, озорми, ғамми, ҳаттоки тикан киришими етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар сабабли унинг гуноҳларидан ўчиради» , деганлар (Имом Бухорий ривояти) . Сизга етаётган бу озорлар ва ғам-ташвишлар, иншааллоҳ, гуноҳларингизга каффорат бўлмоқда.

Эрингиз билан вазминлик ила суҳбатлашиб, бўлаётган барча гаплар асоссизлигини, сизнинг шаънингиз унинг ҳам шаъни эканини ва динимиз эркак кишига ўз аҳлини ҳимоя қилишни йуклаганини эслатинг. Агар эрингиз сизнинг ёнингизни олса, бу фитнани енгиш осон бўлади.

Қайнона ва қайнотангизга ҳам эрингиз орқали ёки у кишининг гувоҳлигида вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилинг. Уларга шариатда бундай оғир айблов учун тўртта адолатли гувоҳ талаб қилинишини, акс ҳолда туҳматчининг ўзи гуноҳкор бўлишини эслатиш керак. Асосий мақсадингиз жанжаллашиш эмас, балки икки фарзандингиз тақдирини ўйлаб, оилангизни сақлаб қолиш ва фитнага барҳам бериш бўлсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар