Шариатимизда туғилган кунларга, жумладан туғилган кун билан табриклашга қандай қаралади. Табриклаш мумкинми ва табриклашганда қабул қилиш қанчалик тўғри. Баъзилар динда байрам 2 ҳайит ва Жума бошқа байрамлар аслида йўқ дейишади. Саволим нотўғри бўлса олдиндан узр сўрайман ва жавоб учун олдиндан раҳмат.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Туғилган кунни нишонлаш ёки у билан табриклаш жоиз ёки ножоизлиги борасида Ислом уламолари турлича фикр билдирганлар. Бунга асосий сабаб шу куни дастурхонлар ёзиб, хурсандчилик қилиш каби ишлар Ислом таълимотларида очиқ ойдин далиллар келмаганидир.
Бу борада бизга рожиҳ бўлган гап шуки, агар дунёвий йиғинлар ва байрамлардан кўзланган мақсад тўғри бўлса, номаҳрам эркак ва аёлларнинг аралашуви ҳамда турли маъсиятлардан узоқ бўлинса, бундай дунёвий йиғинлардан ман этилмайди.
Шунингдек, мусулмон кишига туғилган куни ўтган умрини сарҳисоб қилиш, гуноҳларига истиғфор айтиш ва келажакда ҳаётини шариатга мувофиқ ўтказишни режалаштиришга бир фурсатдир. Валлоҳу аълам.